Германия ташқи ишлар вазири Иоган Вадефул Россия президенти Владимир Путинни Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга чақирди.
"Путин ўз позициясини ортиқча баҳоламоқда. Бутун дунё унинг ниҳоят вазиятнинг оғирлигига мос келадиган делегация билан музокара столига ўтириш талабини бажаришини кутмоқда", - деди Вадефул бугун Анталияда НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида.
Вадефулнинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг Путин билан тўғридан-тўғри мулоқотга тайёрлиги ҳурматга лойиқ, бироқ Россия томонида “ҳозирча музокараларга жиддий ёндашиш белгилари йўқ”. Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бундай хатти-ҳаракатлар оқибатларсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирди - Европада кейинги санкциялар аллақачон муҳокама қилинмоқда.
Айни дамда Анталияда НАТО ташқи ишлар вазирларининг норасмий саммити давом этмоқда. Асосий эътибор алянс мудофаасини кучайтириш, Украинадаги фронтдаги вазият ва 30 кунлик оташкесимга эришиш имкониятларига қаратилган. Бу Вадефулнинг ташқи ишлар вазири сифатида НАТО мажлисига илк ташрифи.
Шу билан бирга, Украина президенти Владимир Зеленский Анқарада Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиш ниятида экани маълум бўлди. Украина ҳукуматидаги манбанинг АFPга айтишича, Зеленский Россия билан музокаралардаги кейинги қадамлар ҳақида фақат шу учрашувдан кейин қарор қабул қилади.