Польшанинг янги президенти Кароль Навроцкий Берлинга илк расмий ташрифи чоғи Германиядан Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакатига етказилган зарар сабаб расман товон пули тўлашни талаб қилди.
Олмон матбуоти хабарига кўра, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер бу талабни қатъий равишда рад этган.
Польша раҳбари Германия канцлери Фридрих Мерц билан музокарада ҳам ушбу талабни илгари сурган. Канцлер ҳам Германиянинг товон пули борасидаги позицияси қатъий эканини таъкидлаган.
Берлиндаги музокаралардан кейин анъанага кўра мезбон ва меҳмон давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган матбуот анжумани бу гал ташкил этилмаган. Бу ҳол Германия журналистлари томонидан танқидий баҳоланган.
Польша президенти Кароль Навроцкий ижтимоий тармоқлар орқали товон пули ундириш масаласи ҳали ёпилмагани, келгусида Берлин билан бу борада музокара давом этишини маълум қилган.
Расмий Варшава Германия ҳукуматидан Иккинчи жаҳон урушида фашистлар ҳокимияти етказган зарар учун 1,3 триллион евро миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Президент Навроцкий таъкидича, “Бу рақам чуқур ва атрофлича илмий изланишлар асосида шаклланган”.
Польша ташқи ишлар вазирлиги 2023 йилда Германия ҳамда Россиядан уруш талафотлари учун товон пули ундириш учун парламент комиссиясини ташкил этган эди.
Варшава ҳукумати 2022 йилда чоп этган уч жилдли ҳисоботга кўра, нацистлар Германиясининг ҳужуми ва оккупацияси оқибатида 1939-1945 йилларда Польша 6,2 триллион злотий (қарийб 1,3 триллион евро) моддий зиён кўрган.
Германия эса Польшага товон пули ўрнига хавфсизлик кафолатини таклиф этмоқда. Германия ҳукуматининг Польша масалалари бўйича вакили Кнут Абраҳам Берлин Варшавага товон пули тўламаслиги, аммо қўшни мамлакат хавфсизлигини муҳофаза этишга ҳисса қўшишга тайёр эканини айтган.
Германия томонига кўра, 1953 йили Польша парламенти қабул қилган ҳужжатда расмий Варшава ГФР урушда етказилган зарарни қоплаш бўйича барча мажбуриятларини бажарганини эътироф этган.
Қолаверса, Берлин 1991 йилда яхши қўшничилик шартномасига мувофиқ Польшага 1,3 миллиард евро тўлаганини айтиб келади.
Польшалик сиёсатдонлар бундан аввал ҳам товон пули масаласини кўтаргани маълум. Масалан, зарар миқдорини 900 миллиард доллар деб баҳолаган депутат Януш Шевчак Польша ҳукумати товон пули талаб қилмай келганини шармандалик деб баҳолаганди.
Польша Германиядан товон пули ундириб бўлгач, Россияга ҳам айни шу талаб билан чиқмоқчи. Бу борада илк хабарлар пайдо бўлган 2023 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Варшавани бундай талаб қўйиш оқибатидан огоҳлантирган эди.