Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев Германия канцлерини худди Мадуро каби ўғирлаш кераклигини айтди, деб ёзмоқда DW.
Дмитрий Медведев ТАСС агентлигига берган баёнотида Қўшма Штатларнинг Венесуэладаги ҳаракатларига ўхшаш тарзда бошқа жаҳон етакчиларининг ҳам ўғирлаб кетилиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтиб, потенциал нишонлар қаторида Германия канцлери Фридрих Мерцни тилга олди.
Россиянинг собиқ президенти Мерцни “неонацист” деб атаб, уни “қўлга олиш” учун айрим асослар борлигини даъво қилган, бироқ у айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритмаган.
"Биз бундай таҳдидларни қатъий тарзда қоралаймиз. Германия канцлер Фридрих Мерцнинг қўриқланишини кучайтиришни зарур деб ҳисобламайди, чунки унинг хавфсизлиги учун масъул ходимлар “дунёдаги энг яхшилардан” ҳисобланади", — дея таъкидлади Германия ҳукумати расмий вакили Себастян Ҳилле.