Филиппинда баскетбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати якунига етди.
Ушбу баскетбол мундиали кутилмаган натижаларни тақдим этгани билан тарихга кирди. "Молл оф Азия-Арена"да бўлиб ўтган финалда немис баскетболчилари 83:77 ҳисобида зафар қучишди ва ўз тарихларида илк бор жаҳон чемпионига айланишди.
Шу кунгача Германия 2002 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганди. Финалнинг энг фойдали ўйинчиси Деннис Шрёдер бўлди, у ўз ҳисобига 28 очко ёздириб қўйди. Сербия таркибида Алекс Аврамович 21 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Германия жаҳон чемпионатидаги барча 8 учрашувда ғалаба қозонди. Сербия эса финалгача гуруҳ босқичида фақат Италияга 76:78 ҳисобида ютқазганди.
Бронза медаль соҳибини аниқлаб берувчи учрашувида ярим финал аламзадалари Канада ва АҚШ терма жамоалари тўқнаш келишди. Учрашувда канадалик баскетболчилар овертаймда 127:118 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлишди.