Германия расмийлари Хитойнинг сунъий интеллектга оид DeepSeek иловасини Google Play ва Аpp Storeдан зудлик билан олиб ташлашни талаб қилди. Германия маълумотлар ҳимояси регулятори ушбу хизмат Европа махфийлик стандартларини бузаётганини айтди.
Apple ва Googleга қилинган мурожаатда Хитой томони фойдаланувчи маълумотларини етарли даражада ҳимоя қилмаётгани қайд этилган. Асосий шикоят шундаки, Хитой қонунлари Европа Иттифоқи қоидаларидан фарқли ўлароқ, давлатга маълумотларга кириш имконини беради.
Илова январь ойида пайдо бўлди ва арзонлиги туфайли тезда танилди. Аммо Хитой ҳарбийлари ва разведка идоралари фойдаланиши мумкин, деган шубҳа уйғотди. Тўпланган маълумотлар давлат назорати тизимига юборилгани даъво қилинмоқда.
Италия ва Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари, жумладан Франция, Ирландия ва Голландия ҳам шунга ўхшаш текширувларни бошлаган. АҚШ ва бошқа мамлакатларда DeepSeek давлат хизматчилари учун тақиқланган.