Бугун 27 июль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Германия 2027 йилдан мажбурий ҳарбий хизматни тиклаши мумкин

Германия 2027 йилдан мажбурий ҳарбий хизматни тиклаши мумкин

Германия ҳукумати 2027 йилдан бошлаб эркаклар учун мажбурий ҳарбий хизматни қайта жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph нашри парламентдаги манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Бундесвер 2035 йилга қадар ҳарбий хизматчилар сонини 260 минг нафарга етказишни режалаштирмоқда. Бироқ ҳарбий қўмондонлик бу мақсадга фақат кўнгиллилар ҳисобига эришиш мумкинлигига шубҳа билан қарамоқда.

The Telegraph ёзишича, Германия «Россиядан келаётган таҳдиднинг кучайиши» фонида мудофаа салоҳиятини оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Парламент мудофаа қўмитаси ҳамда Христиан-демократик иттифоқ партиясидаги манбаларнинг таъкидлашича, агар армия сафини кўнгиллилар орқали тўлдириш имкони бўлмаса, мамлакат мажбурий ҳарбий хизмат тизимига қайтишга мажбур бўлади. Бу масала бўйича қарор 2027 йил 31 июлга қадар қабул қилиниши кутилмоқда.

Парламент мудофаа қўмитаси раиси Томас Ревекамп The Telegraph нашрига берган интервьюсида Бундесвер фақат ихтиёрий чақирув орқали қўшимча 75 минг нафар ҳарбийни жалб қилиш имкониятига шубҳа билдирган.

«Бу улкан мақсадга қандай эришишимиз ҳақида жиддий муҳокама олиб боришимизга тўғри келади», — деди у.

Германия 2011 йилда мажбурий ҳарбий хизматни бекор қилган эди. Томас Ревекампнинг айтишича, Россия–Украина можароси бошланганидан кейин мамлакат ўзининг мудофаа сиёсати ва ҳарбий тайёргарлигига нисбатан ёндашувини қайта кўриб чиққан.

2025 йил охирида Германия ҳукумати «Ихтиёрий ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонун доирасида барча эркаклар ўртасида сўровнома ўтказишни бошлаган. Шунингдек, 2026 йил апрель ойида Бундесвер урушдан кейинги даврдаги илк ҳарбий стратегия концепциясини тақдим этган бўлиб, унда 2039 йилга келиб Европадаги энг кучли қуруқлик қўшинларидан бирини шакллантириш мақсади белгиланган.

Киритилди: 19:58 27.06.2026. Ўқилди: 764 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!