Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Нашр манбаларига кўра, Германия 12 минг дона дрон етказиб бериш бўйича шартнома тузишни режалаштирмоқда. Кейинчалик бу дронлар NATO’нинг шарқий чегарасини Россиядан ҳимоя қилиш мақсадида Литвага жойлаштирилган Германия армиясининг зирҳли бригадасига юборилади.
Дронларни етказиб берувчилар, эҳтимол, Германиянинг энг йирик қурол ишлаб чиқарувчиси Rheinmetall ҳамда иккита стартап — Helsing ва Stark компаниялари бўлади. Ҳар бир компания учун шартнома қиймати тахминан 300 миллион долларни ташкил этади.
Нашрнинг таъкидлашича, ҳозирча ҳеч қандай келишув имзоланмаган, шартномалар Германия парламенти бюджет қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак.
Маълумот учун, Helsing — қароргоҳи Мюнхенда жойлашган немис мудофаа компанияси. Унинг сармоядорларидан бири швециялик тадбиркор ва миллиардер, Spotify мусиқа хизмати асосчиси Даниел Эк бўлиб, у Helsing директорлар кенгаши раиси лавозимини ҳам эгаллайди.
Бир йилча олдин ташкил этилган Stark компаниясининг инвесторларидан бири эса PayPal тўлов тизими асосчиси Питер Тил ҳисобланади. Стартапнинг Украинада дронларни синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган жамоаси мавжуд.
2025 йил апрел ойи бошида Германия Литвада Бундесвернинг доимий бригадасини расман жойлаштирганини эълон қилган эди. Бригада тўлиқ жиҳозланиши 2027 йилгача чўзилади — бўлинма Вилнюсдан 30 километр жанубда жойлашган Руднинкаидаги янги ҳарбий мажмуага жойлаштирилади. Ўша вақтгача ҳарбийлар вақтинчалик базаларда бўлишади. Жойлаштириш якунлангач, Литвада беш минг аскар ва зобит доимий асосда хизмат қилади.