Формула-1 2027 йилги ФИА Формула-1 жаҳон чемпионати тақвимини эълон қилди. Унга кўра, узоқ танаффусдан сўнг TOSFED Истанбул Парк трассасида яна беш қизил чироқ ўчиб, пойгага старт берилади. Формула-1 Туркия Гран-присининг машғулотлар ва саралаш босқичлари 2027 йил 1–2 октябрь кунлари, асосий пойга эса 2027 йил 3 октябрда ўтказилади.
Туркиянинг Формула-1га қайтиши дастлаб апрель ойида Президент Режеп Таййип Эрдўғон иштирокидаги тадбирда эълон қилинган эди. Эндиликда олти йиллик танаффусдан сўнг Формула-1 шиддати дунёнинг энг мафтункор мегаполисларидан бири бўлган Истанбулда дунёнинг энг кучли пойгачилари ва минглаб мухлисларни бир жойга жамлайди. Ушбу пойга чемпионатнинг техник жиҳатдан энг мураккаб трассаларидан бири саналадиган TOSFED Истанбул Паркда ўнинчи бор ўтказилади.
Пойгачилар TOSFED Истанбул паркнинг 5,3 километр узунликдаги трассасида беллашадилар. Ушбу йўл рақибни қувиб ўтиш учун кўплаб имкониятларни тақдим этиш баробарида, ҳам ҳайдовчи, ҳам автомобиль кўрсаткичларига таъсир қилувчи кескин баландлик ўзгаришлари билан ҳам ажралиб туради.
Айниқса, TOSFED Истанбул Паркни бутун дунёга машҳур қилган 8-бурилиш пойгачилар учун катта синов бўлади. Бир нечта бурилиш нуқтасига эга мазкур ўта тезкор чап бурилиш ниҳоятда юқори тезликда босиб ўтилади. Мухлислар эса тезлик, ритм ва техник мураккабликнинг ўзига хос уйғунлиги туфайли трассадаги муросасиз курашлар ва ҳаяжонли лаҳзаларга гувоҳ бўладилар.
Формула-1нинг Туркияга қайтиши билан Истанбул яна дунёдаги энг нуфузли спорт тадбирларидан бирига мезбонлик қилади.
Формула-1 пойгалари 2027–2031 йилларда TOSFED томонидан TOSFED Истанбул Парк трассасида ўтказилади.