Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Фарғонада 3 йиллик жазога ҳукм қилинган эркак яна жиноятга қўл урди

Фарғонада 3 йиллик жазога ҳукм қилинган эркак яна жиноятга қўл урди

Маълумки, Фарғона тумани водийнинг қўшни Қирғизистон билан чегарадош туманларидан бири ҳисобланади. Бу эса, давлат чегараси ва унга яқин ҳудудларда тинчлик-осойишталик ҳамда хавфсизликни таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларидан жиддий масъулият талаб этади.

Шунга қарамай, ўз нафсининг измидан чиқолмаган айрим кимсалар томонидан нафа­қат турли товар-моддий бой­ликлари, балки гиёҳвандлик моддаларини ҳам давлат чегарасидан яширин равишда ўтказиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Яқинда жиноят ишлари бўйича Фар­ғона туман судида ана шундай жиноят ишларидан бири кў­риб чиқилди.

Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, туманнинг Бўс­тон маҳалласида яшовчи Шерматбек Жўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2019 йил 13 апрелдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а»-банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўз­ламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган. Аммо кўзи очилмаган «қаҳрамон»имиз жа­зо муддатини ўташ мобайнида яна шу тоифадаги жиноятга қўл урди.

Гап шундаки, Шерматбек 2019 йил 19 май куни кийим-кечак сотиб олиш мақсадида тумандаги «Фарғона» чегара назорати пункти орқали Қирғизистон Республикасининг Қадамжой тумани Халмиён қишлоғидаги бозорга боради. Бозорда у эски таниши Шариф исмли йигит (жиноят ишининг унга нисбатан қисми ажратилган) ни учратиб қолади. Шу боис ҳол-аҳвол сўрашгач, мезбон уни уйига таклиф қилади.

— Бугун сени бир меҳмон қилай, — дейди Шариф гиёҳвандлик воситаси истеъмолига ишора этиб.

Шундан сўнг у Ш. Жўраевни «гашиш» билан «сийлайди». Натижада «товар» маъқул келиб, меҳмон 500 граммга харидор бўлади.

— Беш юз доллардан ками йўқ, — деди Шариф гиёҳвандлик моддасининг баҳосини.

— Майли, розиман, фақат пулини кейинрок оласан, чегарагача ҳам ўзинг олиб бориб берасан, — дея Шерматбек ҳам шарт қўяди.

Қисқаси, эртаси куни кечқурун — соат 22:00 ларда Шариф 500 грамм «гашиш» ва 0,73 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаларини чегарага келтириб беради. Ш. Жўраев эса, уларни қабул қилиб олиб, республикамиз ҳудудига контрабанда йўли билан олиб ўтади. Кейин эса, бу гиёҳвандлик воситасини ҳовлисидаги дарахт остига кўмиб қўяди-да, вақти-вақти билан истеъмол қилиб юради.

Буни қарангки, орадан салкам олти ой ўтиб, 2019 йил 5 ноябрь куни кеч соат 22:30 да Шерматбек ўша заҳри қотилнинг бир қисмини олиб, ўзининг «Тракер» русумли, давлат рақам белгиси бўлмаган автомашинасида Фарғона шаҳрига қараб йўлга тушади. Унинг мақсади — гиёҳвандлик воситасини шаҳардаги фақат ўзигагина маълум жойга яшириб кўйиш ва кейинчалик оз-оздан «тортиб» туриш эди. Бироқ у кўзлаган манзилига етиб боролмайди. Негаки, тунги соат 00:00 га яқин Фарғона шаҳрига кираверишдаги «Водий-5» йўл-патрул хизмати масканига етиб келганда, унинг бемаҳалда юриши ҳамда автомашинасининг давлат белгиси мавжуд эмаслиги ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси ходимларининг эътиборини тортади.

«Тракер» тўхтатиб текширилганда эса, «сир» фош бўлади. Яъни «қаҳрамон»имизнинг шими чўнтагидан қора рангли целофан пакетга ўралган 502 грамм «гашиш» ва бир дона «Kent» номли тамаки қутисида 0,73 грамм «опий» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланади. Суд-кимёвий экспертизаси хулосалари «гашиш» таркиби тетрагидроканнабинол моддасидан иборатлиги, «опий» таркибида эса, морфин, кодеин, тебаин гиёҳвандлик моддалари мавжудлигини тасдиқлади.

Албатта, мазкур ҳолат бўйича айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми, 276-моддаси 2-қисми “а”, “б»-бандлари билан жиноят иши қўзғатилади. Суд эса, ҳар икки моддада назарда тутилган ва муқаддам ўталмай қолган жазоларни қўшиш йўли билан уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди.

Шу ўринда Ш. Жўраевнинг қилмишидан келиб чиқадиган айрим мулоҳазаларга эътиборингизни қаратсак. Аввало, одам боласи учун гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишнинг ўзи — кечирилмас хато.

Чунки бу балонинг асорати ин­сон умрини таназзул чоҳига мубтало қилади.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 42-моддасига мувофиқ, жазо жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўл­ланадиган ва маҳкумни қо­нунда назарда тутилган муайян­ ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир.

У маҳкумни ахлоқан ту­затиш, унинг жиноий фао­лият­ни давом эттиришига тўс­қин­лик қилиш ҳамда маҳкум, шу­нинг­дек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлла­нилади. Шу маънода айтганда, Шерматбекка илгари тайинланган озодликни чеклаш жазоси ҳам аслида унга қил­ми­шидан ўзига тўғри хулоса чиқариб, келгуси ҳаётини изга солиб олиши учун берилган яна бир имконият бўлган. Аммо у…

Ёки «Букрини гўр тузатади» деганлари шумикин?!

Киритилди: 12:08 25.05.2020. Ўқилди: 2774 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!