Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Фарғона вилоятида жиноятчиликнинг айрим турлари нега кўпаймоқда?

Фарғона вилоятида жиноятчиликнинг айрим турлари нега кўпаймоқда?

Фарғонада Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда Республика комиссияси ва 1-минтақавий Ишчи гуруҳи аъзолари, сенатор ва депутатлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этдилар.

Йиғилишда Ишчи гуруҳ томонидан Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўн ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари таҳлил қилинди.

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида 1-минтақавий Ишчи гуруҳи ҳамда вилоятдаги мутасадди ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Ҳар бир маҳалла, шаҳар, туманларга хос бўлган жиноятчилик ҳолати таҳлили қилиниб, мутасадди ташкилотларидан олинган маълумотлар асосида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл харита”ларида асосий эътибор маҳаллалар ва таълим муассасаларида тарғибот тадбирларини кучайтириш, нотинч оилалар, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар билан индивидуал ишлаш, ишсизликни бартараф этиш, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ва муқаддам судланганларнинг жиноят содир этишларини олдини олиш, сайёр суд мажлисларини жойлардаги жиноятчилик ҳолатдан келиб чиқиб самарали ўтказиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилди. "Хавфсиз ҳудуд", "Хавфсиз шаҳар" концепциялари татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада, умумий содир этилган жиноятлар 32,18 фоизга, жиноят-қидирув йўналишида 34,12 фоизга, оғир турдаги жиноятлар 11,55 фоизга, ўта оғир турдаги жиноятлар 41,6 фоизга камайишига эришилди.

Бироқ, юқоридаги кўрсаткичлар криминоген вазият вилоятнинг барча ҳудудларида барқарор эканлиги кўрсатмайди. Фирибгарлик жинояти Фарғона, Бағдод, Сўх туманларида, ўғрилик жинояти Бувайда туманида, безорилик Фурқат туманида ошган. Жиноятчилик хавфини эрта аниқлаш ва унинг келиб чиқишини бартараф этиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, безорилик каби жиноятлар айрим ҳудудларда ошгани барчадан янада масъулиятли бўлишни талаб этмоқда.

Таълим муассасалари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва бошқа мутасадди идоралар фаолияти ҳам кутилган натижалар бермаяпти. Вояга етмаганлар томонидан 92 та, ёшлар томонидан 1 минг 540 та жиноят содир этилганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар вилоятда 79 тага камайишига эришилган бўлса-да, Учкўприк, Сўх ва Фурқат туманларида ошган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва ички ишлар органлари билан жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлиги лозим даражада ташкил қилинмаган. Вилоятдаги 1 минг 31 та маҳалланинг 830 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилиб, уларнинг 218 тасида жиноятлар сони ошган.

Мажлисда вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят прокурори ва бошқа мутасаддиларнинг жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилиб, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди.

Йиғилишда Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди.

Manba: uza.uz

Киритилди: 18:03 17.11.2018. Ўқилди: 1454 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!