Тожикистон ва Фаластин терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви якунланди. Хитойнинг Чунцин шаҳридаги "Тонглианг Лонг" стадионида ўтган баҳсда Фаластин терма жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
12-дақиқада Шериддин Бобоев ҳисобни очиб, Тожикистонни олдинга олиб чиқди. 23-дақиқада Ассад Аль-Ҳамлави жавоб голини урди.
Орадан бир дақиқа ўтиб, Нозим Бобожонов Тожикистоннинг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бироқ биринчи бўлимга қўшиб берилган учинчи дақиқада Аль-Ҳамлави дубль қайд этиб, ҳисобни яна тенглаштирди — 2:2.
Иккинчи бўлим бошланиши билан, 46-дақиқада Ҳассан Алаа Алдин Фаластинни биринчи бор олдинга олиб чиқди. 74-дақиқада эса Одай Даббағ жамоасининг тўртинчи голини урди ва якуний ҳисобни ўрнатди — 4:2.