Европа мамлакатларига келадиган хорижий сайёҳлар сони ҳали ҳам коронавирусдан олдинги кўрсаткичга чиққани йўқ.
АЗЕРТАДЖ агентлигининг маълумотига кўра, Евроиттифоқ сайёҳлик агентликлари ассоциацияси томонидан олиб борилган тадқиқотлари натижаси шундай маълумотларни бермоқда.
Жорий йилда пандемиягача бўлган даврдаги сайёҳларнинг ярми келса ҳам катта гап, дейишмоқда айрим Европа мамлакатлари. Айниқса, Осиё ва Россиядан келадиган туристлар сони жуда кам, яъни энг кўп пул сарфлайдиган сайёҳлар ҳам асосан Осиё, Россия мамлакатларидан экан.
Айрим экспертларнинг таъкидлашича, одамларда “саёҳат қилишга иштиёқ” анча пасайиб кетган, холбуки, авваллари сайёҳларда бу сифат анча юқори эди. Одамлар ёзги таътилни аввал денгизларда ўтказишни исташмоқда, шундан кейингина тарихи бой ва музейлари кўп мамлакатларга саёҳат қилишга йўл олмоқда.
Дарвоқе, сайёҳларнинг кўпайишига чегарадош мамлакатлардан сайёҳлар сони ортгани ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Венгрияга Хорватия ва Словакиядан туристлар кўпроқ келса, Чехияга Словакия ва Германиядан, Бельгияга Франция ва Голландиядан кўпроқ сайёҳлар келмоқда.
Хабарда “Қўшничилик туризми” кўрсаткичи ҳозирги пайтда анча ошгани айтилмоқда.