Бугун 10 январь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Европа Иттифоқи Гренландияни қандай ҳимоя қилади?

Европа Иттифоқи Гренландияни қандай ҳимоя қилади?

Европа Иттифоқида АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Гренландия устидан назорат ўрнатишга уринишларига йўл қўймаслик бўйича чоралар муҳокама қилинмоқда.

Европа Иттифоқи расмийлари ва дипломатлари АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Данияга қарашли автоном ҳудуд — Гренландияни назорат остига олишга уринишларига қарши қандай чоралар кўриш мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Манбаларга кўра, Брюсселда бир вақтнинг ўзида бир нечта сценарийлар ишлаб чиқилмоқда.

Улардан бири ЕИ томонидан Гренландияни молиялаштириш ҳажмини сезиларли даражада оширишни назарда тутади. Еврокомиссия лойиҳасига кўра, узоқ муддатли бюджет доирасида харажатларни икки баробардан кўпроқ ошириш муҳокама қилинмоқда. Гап 2028 йилдан бошлаб етти йил давомида тахминан 530 миллион евро ажратиш ҳақида бормоқда.

Бу маблағлар Дания аллақачон автоном ҳудудга йўналтираётган ресурсларни тўлдириши керак. Шунингдек, Гренландия Европа давлатлари билан боғлиқ олис ҳудудлар учун мўлжалланган ЕИ дастури доирасида қўшимча 44 миллион евро миқдорида молиялаштириш олиш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирда Дания маблағлари ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, таълим ва экологик лойиҳаларга йўналтирилмоқда. Европа Иттифоқининг янги режаларида эса қўллаб-қувватлаш йўналишларини кенгайтириш, жумладан фойдали қазилмаларни қазиб олишга инвестициялар киритиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Яна бир сценарий АҚШга нисбатан савдо чораларини қўллашни назарда тутади. Европа Иттифоқи Вашингтон томонидан савдода камситиш ҳолатлари юзага келса, жавоб чораларини кўриш механизмини ишга тушириши мумкин. Ушбу механизм 2025 йил июль ойида вақтинча тўхтатилган эди, бироқ АҚШ Гренландия борасида қатъий қадамлар ташласа, яна фаоллаштирилиши мумкин.

Шунингдек, НАТО доирасида муросавий вариант ҳам муҳокама қилинмоқда. Дипломатлар сўзларига кўра, альянс Арктикадаги иштирокини кенгайтириб, минтақанинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус дастур ишга тушириши мумкин. Бу мудофаа харажатларини ошириш, ҳарбий машғулотлар сонини кўпайтириш ва Гренландия яқинида ҳарбий мавжудликни кучайтиришни ўз ичига олади.

Алоҳида равишда, агар Дания шундай сўров билан чиқса, Гренландияга Европа ҳарбий контингентини жойлаштириш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу қадам АҚШ томонидан бўлиши мумкин бўлган босимни жиловлаш чораси сифатида баҳоланмоқда.

Бу муҳокамалар фонида АҚШ ичида Дональд Трампга нисбатан танқидлар кучаймоқда. Республикачиларнинг бир қисми Гренландия бўйича таҳдидларга очиқчасига қарши чиқиб, Дания билан иттифоқчилик муносабатларини эслатмоқда.

Дания ҳукумати Гренландияга нисбатан ҳар қандай босимни мутлақо номақбул деб атаб, минтақанинг ўз келажагини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда.

Аввалроқ Европанинг етти давлати раҳбарлари Гренландияни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма баёнот билан чиқиб, оролга оид қарорлар фақат Дания ва Гренландиянинг ўзи томонидан қабул қилиниши мумкинлигини урғулаган эди.

Киритилди: 19:16 09.01.2026. Ўқилди: 762 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!