Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Етимнинг ҳақини еган одамни нариги дунёда қандай жазо кутмоқда?

Етимнинг ҳақини еган одамни нариги дунёда қандай жазо кутмоқда?

Аллоҳ таоло айтади:

Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар! (Нисо сураси, 10-оят).

Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёматкуни қоринларида алангаланиб туради.

Суддий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: Етимнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам у етим молини еганини дарҳол билиб олади .

Аллоҳ таоло етим моли ҳақида:

У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни ўз қарамоғига олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин (Нисо сураси, 6-оят).

Уламолар: Яхшиликдан ортиқчасини ейиш ҳаром бўлади , дейишган. Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирганлар:

1. Қарз ҳисобида олиш.

2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш.

3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш.

4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш, агар имкони бўлмаса қайтармай қўяверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар (Бухорий ривояти).

Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни, ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни, ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи шахсман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: Сен кимсан? деб сўрайман. У: Мен етимларимга қараб ўтирган аёлман , дейди (Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Етимнинг бошини сила ва мискинга таом бер , дедилар (Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Manba: islom.uz

Киритилди: 16:59 14.02.2019. Ўқилди: 6548 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!