АҚШ расмийлари бу таҳдидларни рақамли тарғибот деб атаб, танқидий инфратузилмага ҳужумлар хавфи ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (КСИК) билан алоқадор бўлган «Роберт» тахаллусли хакерлар гуруҳи Дональд Трампнинг яқин иттифоқчиларига тегишли аккаунтлар бузилиб, қўлга киритилган 100 гигабайтдан ортиқ хат-хабарлар ва маълумотларни ошкор қилиш ёки сотиш ниятида эканини эълон қилди.
Хакерлар нишонга олган шахслар орасида:
Оқ уй аппарати раҳбари Сюзи Уайлс,
Трамп адвокати Линдси Ҳэллиган,
Сиёсий маслаҳатчи Роджер Стоун,
Актриса Сторми Дэниелс бор.
Уларнинг айтишича, 2024 йилги президент сайловлари арафасида ушбу материалларнинг бир қисми журналистларга юборилган ва у ерда Трамп штабининг молиявий келишувлари, Республика партиясининг бошқа номзодларига оид ички ёзишмалар ҳамда Дэниелс билан боғлиқ суд ишлари муҳокамаси бор эди. Бироқ бу маълумотларнинг тарқатилиши Трампнинг сайловдаги ғалабасига таъсир қилмаган.
Трампнинг ғалабасидан сўнг гуруҳ фаолиятини тўхтатганини билдирган, бироқ 2025 йил июн ойида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳаводаги қарама-қаршиликлар фонида яна фаоллашди. Reuters билан суҳбатда улар ўғирланган хатлар «сотувга қўйилиши» ва бу ҳолатга матбуот эътибор қаратилишини хоҳлаётганларини айтган.
АҚШ расмийлари бу ҳаракатларни кескин қоралади. ФБР раҳбари Кеш Пател:
«Миллий хавфсизликка таҳдид солаётган ҳар бир киши жавобгарликка тортилади», — деди.
АҚШ Киберхавфсизлик агентлиги (CISA) эса гуруҳ ҳаракатларини Трамп ва унинг атрофидаги шахсларни нишонга олган режалаштирилган тўҳмат кампанияси деб баҳолади.
Ҳэллиган, Стоун ва Дэниелс вакиллари бу борада изоҳ бермадилар. Эрон эса одатдагидек кибержосусликда иштирокини рад этди.