Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан бир гуруҳ ватандошларни Туркманистон орқали транзит тарзда қайтаришни ташкил этди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Ашхобод ва Теҳрондаги дипломатик ваколатхоналари Туркманистоннинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда виза ва транспорт-логистика масалаларини тезкорлик билан ҳал қилишган.
Натижада, Туркманистон томонининг кўмаги билан 41 нафар Ўзбекистон фуқароси «Сарахс–Серахс» ва «Гаудан–Бажгиран» чегара ўтказиш пунктларида кутиб олиниб, дипломатик ходимлар томонидан уларнинг ватанга хавфсиз етиб келиши таъминланган.
Дипломатик ваколатхона томонидан ҳеч бир фуқаро тегишли ёрдамсиз қолмаслигини таъкидланди.
Ватандошларимизни ўз оилалари бағрига қайтариш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг асосий тамойили — инсон манфаатларининг устуворлигига мувофиқ равишда изчил давом эттирилмоқда, — дейилади хабарда.