Бугун 9 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Эрон Саудия Арабистонига уруш билан таҳдид қилди

Эрон Саудия Арабистонига уруш билан таҳдид қилди

Агар Саудия Арабистони Исроилга ҳужум уюштиришда ёрдам берса, Эрон унинг нефть объектлари хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Форс кўрфазидаги уч манбага кўра, кўрфаз давлатлари Исроилнинг Эрон нефть объектларига зарба беришига йўл қўймаслик бўйича АҚШ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Хусусан, Қатар, Саудия Арабистони ва БАА Исроилга Эронга ҳужум қилиш учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаган ва бу ҳақда АҚШни хабардор қилган, дейди ҳукумат доираларига яқин манба.

Шу билан бирга, Эрон шу ҳафта бўлиб ўтган учрашувларда Саудия Арабистонини агар у Исроилга ҳужум қилишда ёрдам берса, қиролликнинг нефть объектлари хавфсизлигини кафолатлай олмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Қирол саройига яқин бўлган саудиялик таҳлилчи Али Шиҳобининг сўзларига кўра, Эрон Ар-Риёдга унинг иттифоқчилари, масалан, Яман ёки Ироқдан жавоб келиши мумкинлиги ҳақида “аниқ сигнал” юборган.

Агар Форс кўрфази мамлакатлари Исроил учун ўз ҳаво ҳудудини очса, бу уруш ҳаракати ҳисобланади, деган эронликлар.

Reuters’нинг Форс кўрфазидаги учта манбаси Исроил Иордания ёки Ироқ ҳудудига зарба бериши мумкинлиги, аммо БАА, Қатар ёки Саудия Арабистони ҳаво ҳудудидан фойдаланиш кўриб чиқилмагани ва “стратегик жиҳатдан керакcиз” эканини айтган. Таҳлилчиларга кўра, Исроил қирувчи самолётларга Қизил денгиз устидан Ҳинд океанига учиб ўтиш, Форс кўрфазига бориш ва кейин қайтишга имкон берадиган ҳаво ёқилғисидан фойдаланиши мумкин.

Ракетага қарши мудофаа тизимлари ва Patriot мажмуалари мавжудлигига қарамай, Форс кўрфазидаги барча нефть объектларини ҳимоя қилиш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, асосий ёндашув дипломатик йўналишда давом этмоқда — Эронга минтақа мамлакатларининг “таҳдид солмаслигини тушунтириш асосий мақсад ҳисобланади, дейилади хабарда.

Форс кўрфазида ОПЕК+ инфратузилмасининг катта қисми жойлашган, шунинг учун Саудия Арабистони ёки БААдаги нефть объектларига ҳужум нефть етказиб бериш муаммосига олиб келиши мумкин.

Масалан, 2019 йилда Саудия Арабистонининг Aramco нефть конларига Яман ҳусийлари ҳужуми жаҳон хом ашёсининг 5 фоиздан ортиғини тўхтатди, деб эслатади Reuters.

Агентликнинг Форс кўрфазидаги манбаларига кўра, Эрон нефть инфратузилмасига қилинган ҳужум глобал оқибатларга олиб келиши кутилмоқда. Бу айниқса, Эрон нефтининг энг йирик истеъмолчиси бўлган Хитой ҳамда АҚШда демократлардан президентликка номзод Камала Ҳаррис учун таъсир кўрсатиши мумкин.

Агар нефть нархи бир баррел учун 120 долларгача кўтарилса, бу ҳам АҚШ иқтисодиётига, ҳам Ҳарриснинг сайловдаги имкониятларига зарар етказади. Шу сабабли, америкаликлар нефть урушининг кенгайишига йўл қўймайди, дейди суҳбатдош.

Reuters манбаларига кўра, Саудия Арабистони, БАА ва Қатар, қўшни нефть қазиб олувчи Уммон ва Баҳрайн ҳам можаронинг юмшатилишидан манфаатдор.

Биз ракета урушининг марказида қолиб кетишимиз мумкин. Айниқса, Исроил Эроннинг нефть иншоотларига зарба берадиган бўлса, жиддий хавотирлар мавжуд, дейди Форс кўрфазидан манба.

Киритилди: 09:20 11.10.2024. Ўқилди: 5944 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!