Эрон Инқилобий гвардияси яқин соатларда ҳужум бошлашини маълум қилди. Бу ҳақда якшанба тонгида эрон ОАВ хабар берди. Нишон сифатида «босиб олинган ҳудудлар» ва АҚШ базалари тилга олинган. Баёнот Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменей вафоти тасдиқланганидан сўнг эълон қилинди.
🗣 «Эрон Ислом Республикаси Қуролли кучлари тарихидаги энг кучли ҳужум операцияси яқин дақиқаларда босиб олинган ҳудудлар ва америкалик террористлар базаларига қарши бошланади», — дея маълум қилди ISNA агентлиги.
Бундан аввал тун давомида Исроил армияси Эрон қурол-яроғ тизимларига янги зарбалар берган. AFP агентлиги Теҳронда камида учта портлашни қайд этган.
Исроил ва АҚШнинг кенг кўламли операцияси 28 февраль куни эрталаб бошланган. АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ядровий дастурини йўқ қилиш режаси ҳақида маълум қилган. У эронлик ҳарбийларни қуролни ташлашга чақирган, шунингдек Эрон аҳолисига «тақдирини ўз қўлига олиш»га даъват этган.
Ҳужумлар натижасида 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши жароҳат олган. Бу маълумотни Эрон Қизил Ярим Ой жамияти келтирган.
Шунингдек, расмийлар Минаб шаҳридаги мактабда 108 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлганини билдирган. The Guardian нашри ушбу шаҳарда Эрон Инқилобий гвардияси базаси мавжудлигини қайд этган. Исроил ва АҚШ бу масала юзасидан изоҳ бермаган.
Эрон жавоб тариқасида Исроил ҳудудига ва минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига зарбалар берган. Исроилда фавқулодда ҳолат жорий этилган. Эрон ҳужумлари қўшни айрим давлатларга ҳам таъсир кўрсатган.
Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўған аввалроқ минтақадаги можарони дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирган.
«Биз Эрон суверенитетини очиқдан-очиқ бузишга қаратилган ҳамда дўст Эрон халқининг осойишталигига тажовуз қилувчи ҳужумларни афсус билан қабул қиламиз. Шунингдек, Эрон дронларининг Қўлтиқ давлатларига қарши ҳужумларини ҳам қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Агар дипломатия учун имконият яратилмаса, минтақамиз олов ҳалқасига тортилиб кетиши мумкин», — дея таъкидлаган Эрдўған.