Теҳрон АҚШ таклифларини нореалистик деб атаб, минтақадаги дипломатик таранглик фонида асосий эътиборни мудофаага қаратаётганини маълум қилди.
Эрон баёнотига кўра, АҚШнинг сулҳ таклифлари «нореалистик, мантиқсиз ва ҳаддан ташқари» деб баҳоланган. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Эсмаил Багаи маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Теҳрон воситачилар орқали АҚШнинг музокараларга тайёрлиги ҳақида хабарлар олган. Бироқ таклиф қилинган шартлар рад этилган.
«Бизнинг позициямиз аниқ. Биз ҳарбий агрессия остидамиз. Шунинг учун барча куч ва имкониятларимизни ўзини ҳимоя қилишга сафарбар қилганмиз», — деди Багаи матбуот анжуманида.
Баёнот Исломобод шаҳрида Покистон, Миср, Саудия Арабистони ва Туркия ташқи ишлар вазирлари учрашувидан кейинги куни янгради. Унда Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатновини қайта тиклаш бўйича дастлабки таклифлар муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, Эрон Ливандаги элчиси Байрут томонидан persona non grata деб эълон қилинишига қарамай, ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.
Багаининг айтишича, дипломат Байрутда қолади ва ўз вазифаларини бажаришда давом этади. Шунингдек, Эроннинг Ливан пойтахтидаги элчихонаси ҳам одатий тарзда ишламоқда.