Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон маъмурияти Россия ва Украина ўртасида яна Истанбулда ўтказилиши мумкин бўлган тинчлик музокараларининг бошланишига ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбари маъмуриятида маълум қилинган.
Сентябр ойида Эрдўғон Туркиянинг Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича Истанбул ташаббусларини "муайян лоббичилар" саботаж қилганини айтди. "Истанбулдаги музокаралар Туркиянинг фаол роли муваффақиятли эканини исботлади. Бироқ, баъзи лоббичилар бу саъй-ҳаракатлар ўз мақсадига эришишини хоҳламадилар," - деган у ўшанда.
Украина ва Россия 2022-йил баҳорида Россия босқини бошланганидан деярли дарҳол музокаралар олиб борди. Истанбул раунди самарали бўлди, томонлар Украинанинг доимий бетарафлиги ва хавфсизлиги кафолатлари тўғрисидаги шартнома лойиҳасини ишлаб чиқдилар ва олдиндан имзоладилар.
Хусусан, ушбу ҳужжатга кўра, Украина "доимий бетарафлик"га риоя қилиш ва ҳарбий блокларга, шу жумладан НАТОга қўшилмаслик, ядровий қурол ишлаб чиқариш ва олишдан воз кечиш мажбуриятини олди. Аммо томонлар якуний келишувга эриша олмади ва кейинчалик тинчлик музокараларини тўхтатди.