Бугун 2 декабрь, 2020 йил, чоршанба

O'ZB

Дунёнинг энг хатарли ҳашароти

Дунёнинг энг хатарли ҳашароти

Ўтказилган сўнгги тадқиқотлар орқали дунёда энг хатарли саналган ҳашаротнинг аҳамияти ошкор бўлди. Эҳтимол сиз дунёнинг энг хатарли ҳашароти шу миттигина жонзот — чивин эканига ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ҳа, чивин миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуришига сабаб бўлади. Чивиннинг баъзи турлари борки, улар безгак касаллигининг тарқалишига сабаб бўлади. Дунёда чивиннинг 2000 дан ортиқ тури бор. Уларнинг тузилиши жуда мураккаб бўлиб, олимлар кундан-кунга у ҳақида маълумотларни кашф этмоқдалар.

Аллоҳ таоло чивинга терини осон тешадиган ўткир, ичи тешик игнани қўшиб яратган. Тешилган жойдаги қон қуйилиб қолмаслиги учун чивин ўша жойдаги қонга махсус сўлак юборади, бу сўлак қонни суюқ ҳолда туришига, чивин уни осон сўриб олишига сабаб бўлади. Чивин ана шу сўлагини танага юбораётган пайтда сўлак билан бирга пласмодий деб аталадиган безгак паразити ҳам ўтади. Пласмодийнинг ҳажми шу қадар кичикки, унинг эллик мингтаси нуқтадек жойни тўлдиради. Инсон касалликка чалиниши учун унинг танасига кўп пласмодий кириши шартмас, бир дона кирса етади. Бу паразит бир неча дақиқа ичида жигарга етиб боради ва унинг ҳужайраларидан бири ичига кириб олади. Инсон бир ёки икки ҳафта мобайнида касаллик аломатларини сезмайди. Кейин касаллик бўй кўрсата бошлайди.

Ушбу паразит қизил қон таначаларини вайрон қилади. Ҳар бир паразит 4 мингта паразитларга кўпайиши мумкин. Бу жараён секинлик билан, жигар ёки инсоннинг иммун тизимида муаммо қилмасдан юз беради.

Бу паразит ҳужайранинг ичидаги моддалар билан озиқланиб, ундаги нарсаларни еб бўлгач, ҳужайранинг катталашиб, парчаланишига сабаб бўлади. Паразит қон орқали тарқалади. Тарқалиш пайтида қизил қон таначалари ичига кириб, унинг ҳужайрасини еб, ўша ерда кўпайиб, кейин ҳужайра парчаланганда ичидан кўплаб паразитлар чиқади. Ана шу парчаланиш пайтида инсонда касаллик аломатлари кўрина бошлайди. Бунда тана ҳарорати кўтарилиб, мускулларда беихтиёр қалтираш, жигар катталашиши ва камқонлик юз беради. Лекин паразитлар ўз ишида тўхтаб қолмай, беморнинг ҳужайраларини бирма-бир парчалаб, охири мияга етиб боради ва беморда фалажлик кузатилади. Бу ҳол ҳалокатнинг бошланишидир. Қон танага кислород етказиб беролмай қолади. Ўпка кислород етишмовчилигидан суст ишлайди. юрак қонни отишга кучи етмай қолади. Мия ҳужайралари ҳам парчаланишни бошлайди ва натижа ўлим билан якунланади. Кўпинча бемор касалликнинг сўнгги босқичларида кома ҳолатига ўтади ва бу ҳол ўлим билан тугайди.

Безгак касаллиги дунё аҳолисининг ярмига таҳдид қилиши мумкин.

Пласмодий, Аллоҳнинг изни билан антибиотиклардан ўзини ҳимоя қила олади. Яъни, ҳали бу пласмодийга қарши вакцина топилмади.

Безгак касаллиги сабабли ҳар йили бир миллионга яқин одам ўлади. Буларнинг кўпи Африка қитъасида яшайдиган болалардир.

2018 йилда дунё бўйича 228 миллион одам безгак касаллигига чалинган. Шу йилнинг ўзида ушбу касалликдан тахминан 405 минг киши вафот этган.

5 ёшгача бўлган болалар безгак касаллигига мойил бўлиб, 2018 йилда улар дунё бўйича безгакдан вафот этганларнинг 67 фоизини ташкил этган. Вафот этган болаларнинг адади 272 мингтани ташкил этган.

2018 йилда безгакни назорат қилиш ва йўқ қилиш учун сарфланган маблағ 2,7 миллиард долларга етган.

Безгак чивини дарё соҳиллари, ботқоқлашган сув ҳавзаси, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўлиб кетган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши натижасида вақтинча вужудга келадиган сув ҳавзаларида кўпаяди.

Тухумчаларининг ривожланиши учун унга инсон қони зарур. Аллоҳ таоло уни ана шу қонга етиш учун керакли жиҳозлар билан таъминлаб қўйган. Аллоҳ таоло чивинга ҳидларни сезиш, ҳароратни ҳис этиш, кўринмас нурларни кўриш, узоқ масофадан нишонни аниқлаш, унга осонлик билан қўниш каби имкониятларни ато қилган. Олимлар бу мураккаб жонзотни ўрганганлари сайин лол қоляптилар.

Бу маълумотлардан кейин чивин нақадар хатарли ҳашарот эканини тасаввур қила оламиз. Шундай жонзотни кўпчилик арзимас, қиймати йўқ деб ўйлайди. Буюк Холиқнинг амрига итоат қилувчи ушбу митти ҳашарот Қуръони Каримда зикр этилишга ҳақли эмасми? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلاً مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً يُضِلُّ بِهِ كَثِيراً وَيَهْدِي بِهِ كَثِيراً وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلاَّ الْفَاسِقِينَ۝

«Албатта, Аллоҳ чивин ва ундан устунроқ нарсаларни мисол қилиб келтиришдан уялмас. Бас, иймон келтирганлар, албатта, у Роббларидан келган ҳақлигини билурлар. Аммо куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилди?» – дерлар. У Зот ўша билан кўпчиликни залолатга кетказар ва кўпчиликни ҳидоятга солар ва у билан фақат фосиқларнигина залолатга кетказар». (Бақара сураси, 26-оят)

Олимлар урғочи чивинни кўпроқ ўрганиш керак дейишади. Юқоридаги оятда чивин сўзи بَعُوضَةً  бўлиб муаннас шаклда келган. Аммо чивиннинг устида яшайдиган ҳашаротга келсак, олимлар уни расмга олишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, чивиннинг танаси кўплаб бактериялар билан қопланган. Оятдаги «чивин ва ундан устунроқ нарсаларни» жумласини баъзи муфассирлар катталикда ундан устунроқ нарсалар деб тафсир қилган бўлсалар, баъзилари кичикликда ундан устунроқ деб тафсир қилишган.

Иккинчи тафсирга биноан оятда чивиннинг устида яшайдиган майда ҳашаротларга, у танасида кўтариб юрадиган безгак тарқалишига сабаб бўлувчи плазмодийларга ишора қилингандир. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلًا كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاء وَيَهْدِي مَن يَشَاء وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ۝

«Ва қалбларида касали борлар ва кофирлар «Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи?» дейишлари учун. Аллоҳ ана шундай қилиб, хоҳлаганини адаштирур ва хоҳлаганини ҳидоятга солур. Роббингнинг лашкарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас» (Муддассир сураси, 31-оят).

Чивин ҳам Аллоҳ таолонинг лашкарларидан биридир. Шунингдек, у кўтариб юрадиган майда жонзотлар ва бактериялар ҳам Аллоҳ таолонинг лашкарлари бўлиб, Унинг амри билан ҳаракатланади ва У Зот уларни Ўзи истаган бандаларига юборади. Аллоҳ таолодан турли касалликлардан офият беришини сўраймиз.

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Киритилди: 06:00 21.11.2020. Ўқилди: 3633 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!