90 ёшли япониялик аёл Хамако Мори дунёдаги энг кекса геймер сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди, деб ёзади Esquire.
Хамако Gamer Grandma тахаллуси остида YouTube каналини юритади ҳамда у ерга турли ўйинларни ўйнаётгани акс этган видеоларни жойлайди.
Аёлнинг яхши кўрган ўйинлари: Resident Evil 3, GTA 5, Call of Duty: Modern Warfare, Skyrim. Унинг каналини 186 минг киши кузатади.
«GTA 5 ўйнаётганингда тўхтай олмайсан, худди фильм томоша қилаётгандек», — дейди Мори. Унга ушбу ўйиннинг сюжети ва графикаси жуда ёқади, аёл уни зўр ўйин, деб ҳисоблайди. «Мен бир кунда 7-8 соатлаб ўйнайман. Аввал бундан ҳам кўпроқ ўйнардим.
Ўйин ўйнаб ўрганганимдан хурсандман. Мен ҳақиқатан ҳам, ҳаётдан баҳра олиб яшамоқдаман», — дейди рекордчи аёл.
Аёл ўз коллекциясида «Денди»даги Super Mario’дан тортиб, замонавий ўйинларгача бўлган турли даврларнинг ўйинлари борлигини айтади. Мори 38 йилдан бери ўйин ўйнайди.