Дунёда кўп ўлчовли камбағаллик шароитида яшаётган аҳоли сони 1,2 миллиард кишига етди. Бу 2010 йилдан буён қайд этилган илк ўсиш бўлиб, аввалги ҳисоботга нисбатан 51,5 миллион кишига кўпдир.
Маълумотлар БМТ Тараққиёт дастури ва Оксфорд университети ҳамкорлигида тайёрланган 2026 йилги Глобал кўп ўлчовли камбағаллик индексида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, камбағаллик шароитида яшаётганларнинг 617 миллион нафари болалардир. Умумий камбағал аҳолининг 83 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.
Тадқиқот 108 та ривожланаётган мамлакатни қамраб олган. Унда камбағаллик фақат даромад билан эмас, балки озиқ-овқат, таълим, тиббий хизмат, ичимлик суви, электр энергияси ва яшаш шароитларидан фойдаланиш имконияти асосида баҳоланган.
БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Александр Де Кроо камбағалликнинг ортиши халқаро ҳамжамият учун жиддий огоҳлантириш эканини таъкидлади.
Айни пайтда айрим давлатларда ижобий ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, Миср, Непал ва Тожикистонда камбағал аҳоли улуши ҳамда сони камайган. Нигерияда эса аввалги йилларда эришилган натижалардан сўнг камбағаллик яна ўса бошлаган.
Мутахассислар ўсишга аҳоли сонининг кўпайиши ҳам таъсир кўрсатганини қайд этмоқда.