Фавқулодда ҳолат туфайли 17 та рейс бекор қилинган. 2 октябр куни кечқурун Германия ҳаво ҳаракати бошқармаси Мюнхен аэропортида номаълум дронлар туфайли парвозларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақида DW нашри хабар берди. Қайд этилишича, маҳаллий вақт билан соат 22:18 да жорий этилган чекловлар оқибатида камида 17 та рейс бекор қилинган, яна 15 та самолёт Штутгарт, Нюрнберг, Вена ва Франкфурт аэропортларига йўналтирилган. Ушбу ҳолат қарийб 3 минг йўловчига таъсир кўрсатган. Аэропорт фаолияти 3 октябр куни тонгги соат 5:00 дан бошлаб тикланган. Германия полицияси маълумотига кўра, дронлар 21:30 дан ярим тунгача Мюнхен аэропорти ҳудуди ҳамда яқин атрофдаги Эрдинг ва Фрейзинг шаҳарлари осмонида учгани аниқланган. Ҳозирда учувчисиз учоқлар ва уларни бошқарган шахсларни топиш мақсадида тергов ишлари олиб борилмоқда. Қидирув ишларига вертолёт ҳам жалб этилган. Дронларнинг кимга тегишли экани ҳали маълум эмас.