"Европа дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг ЕИ билан интеграциядан бош тортгани сабабли Грузиядаги норозилик намойишлари фонида мамлакатга қарши санкциялар қўлланилишини истисно этмади. Шунингдек, визалар беришда ҳам чекловлар бўлиши мумкин", дея хабар беради агентлик.
Каллас тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини, Грузия ҳукумати грузин халқи иродаси ва мамлакат Конституциясини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.
DPA'нинг қайд этишича, Европа Иттифоқининг санкциялари фақат барча аъзо давлатлар розилиги билан қўлланилиши мумкин, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эса яқинда Грузия ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 30 ноябр оқшомида Тбилисининг Руставели хиёбонидаги намойишда ўн минглаб одамлар қатнашган. Бир неча кундан бери давом этаётган норозилик акцияларида полиция намойишчиларга қарши сув ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланмоқда.
1 декабрга ўтар кечаси намойишчилар парламент биносидаги хоналардан бирига ўт қўйган, бироқ ёнғин тезда ўчирилган. Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 3 кунлик намойишлар чоғида 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.