Америкалик мусулмонлар давлат раҳбари лавозимини бошқа бир исломофоб эгаллаши мумкинлигидан хавотирда, дея ёзади Huffington Post нашри.
Келаси йил АҚШда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтади ва Нью-Йоркнинг собиқ ҳокими Майкл Блумберг ҳозирги президент Дональд Трампнинг лавозимдан кетишини умид қилган ҳолда Демократлар партиясидан ўз номзодини фаол равишда илгари сурмоқда.
Блумберг Нью-Йоркда мусулмонлар тез-тез келадиган ва йиғиладиган жойларни узоқ муддатли кузатувга олиш ишларининг ортида турган эди.
Асад Дандия исмли мусулмоннинг эслашича, у 2012 йил Фейсбукда Шамиур Раҳмон исмли кишининг дўстлик ҳақидаги сўровини қабул қилган. Раҳмон Нью-Йоркдаги мусулмонларнинг ҳаётига жуда қизиққан. Кейинчалик у полиция бўлимидан маълумот йиғувчи сифатида ёллангани ва бунинг учун унга маош тайинлангани маълум бўлади.
Ўша пайтда шаҳар ҳокими бўлган Блумберг мусулмонларни кузатиш дастурини маъқуллаган ва уни назоратига олган.
Бундай ишлари фош бўлганидан кейин ҳам уларни оқлаган эди.
Блумберг ўзини Дональд Трампнинг ашаддий рақиби сифатида кўрсатмоқда, аммо америкалик мусулмонлар давлат раҳбари лавозимига яна бир радикал исломофоб келишидан хавфсирамоқда. Шу муносабат билан мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар қизғин тарғибот ишларини олиб бориб, Блумбергнинг сайланиш имкониятини камайтириш ҳаракатида.
Манба: azon.uz