Бугун 28 июль, 2025 йил, душанба

O'ZB

Диққат! Жазирама аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин

A A A
Диққат! Жазирама аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин

Ёзнинг айни чилласидамиз. Шу кунларда юртимиз бўйлаб аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Жазирама ҳафта давомида сақланиб туриши прогноз қилиняпти.

📌 Албатта, бундай пайтда қуёшдан ҳимояланиш муҳим. Айниқса, юқори даражадаги ультрабинафша нурлари аллергик реакцияларни келтириб чиқариши билан хавфли.

➡️ Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова шу ҳақда маълумот берди.

💬 — Бундай шароитда терининг қуёш нурига таъсирчанлиги ошади, — дейди мутахассис. — Шу туфайли фотодерматоз касаллиги юзага келиши мумкин. Яъни ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришиб, аллергик реакция пайдо қилиши эҳтимоли юқори.

🩺 Фотодерматоз кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар, баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар юзага келиши билан намоён бўлади.

🗓 Тошмалар қуёш нури таъсир қила бошлаган илк соатлардан то бир ҳафта мобайнида ҳосил бўлади.

🔬Бу хасталик аломатлари, одатда, муолажалардан сўнг йўқолади. Бироқ у сурункали тус олиши ҳам мумкин.

🕰 Шундай муаммолардан сақланиш учун, аввало, соат 10:00 дан 16:00 гача соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Имкон қадар ёпиқроқ кийиниш зарур.

🧴Таъсирчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

💊 Баъзи дорилар фотодерматозни келтириб чиқариши ёки хасталикни кучайтириши кузатилади. Шу боис препаратни қўллашдан олдин кўрсатмаларни диққат билан ўқиш ёки шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

💊 Шунингдек, Эритромицин, Тетрациклин ва Стрептомицин каби дорилар ультрафинафша нурларини тортиш хусусиятига эга. Ушбу малҳамларни қабул қилган ёки юз соҳаларига суртган беморларга иссиқ кунларда кундузи кўчага чиқишлари тавсия этилмайди.

‼️ Агар сизда фотодерматоз белгилари пайдо бўлса, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Киритилди: 12:55 23.07.2025. Ўқилди: 677 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!