Актёр Дэвид Суше Эркюль Пуаро роли учун рицарь унвонига сазовор бўлди. Шаҳзода Уильям 75 ёшли британиялик актёрга драматургиядаги хизматларини эътироф этиб,орденни топширди.
Daily Mail нашрининг ёзишича, Суше маросимга рафиқаси, актриса Шейла Фурлис билан келган. «Бу энг ғайриоддий туйғу. Бу ишониб бўлмайдиган ҳодиса», - дейди актёр журналистларга.
Дэвид Суше ўз фаолиятини 1960 йилларда телекўрсатувлар ва сериалларда актёрлик билан бошлаган. У ўзининг биринчи катта ролини 1980 йилда Чарлз Диккенснинг шу номли романи асосида суратга олинган «Икки шаҳар ҳақидаги эртак» фильмида ўйнади. Суше Агата Кристининг Пуаро детектив сериалидаги бельгиялик детектив роли туфайли кенг танилди. Актёр Агата Кристи жамиятининг вице-президенти бўлиб қолмоқда.