Жорий йилнинг 19–21 июнь кунлари ташкил этилган “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро кўргазмаси доирасида Давлат экологик экспертизаси маркази ўз павильони билан иштирок этди. Бундан асосий мақсад — Давлат экологик экспертизаси марказининг халқаро имижини мустаҳкамлаш, экологик баҳолаш жараёнларида илғор ёндашувларни намойиш этиш ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Павильон шартли равишда икки контраст зонага бўлинган: биринчи қисми — “Экологик экспертизадан олдин”. Бу зонада экологик муаммолар, назоратисиз саноат фаолияти оқибатида юзага келган ифлосланиш ҳолатлари тасвирланган. Иккинчи қисми эса “Экологик экспертиза асосидаги ривожланиш” бўлиб, барқарор, технологик ва экологик жиҳатдан хавфсиз саноат модели намойиш этилган. Бу келажак сари йўналган экологик ривожланишни акс эттиради.
Ушбу икки ҳудудни ажратиб турувчи марказий элемент — табиатни ифода этувчи рамзий дарахт бўлиб, у ярим қуриб қолган, ярим яшил ҳолда трансформация ғоясини ифода этади.
Павильонда Давлат экологик экспертизаси хулосалари асосида саноат корхоналари учун белгиланган асосий экологик талаблар — чан-газ тозалаш ускуналари, локал оқова сув тозалаш тизимлари, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи доимий манбаларда ўрнатиладиган автоматик станциялар ҳамда “яшил белбоғ”ларнинг технологик макетлари намойиш этилди.
Кўргазма доирасида павильонга қатор халқаро ва миллий ташкилот вакиллари ташриф буюрди. Жумладан:
• Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция (CITES) Бош котиби Ивонн Игeро
• Biosalin халқаро қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA) Бош директори Тарифа ал-Зааби
• БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл
• Қозоғистон Республикаси Экология вазири Ерлан Нуралиевич Нисанбоев
• Туркманистон Табиатни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Нури Жумашов
• Италия Атроф-муҳит ва энергетик хавфсизлик вазирлигининг катта эксперти, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Экологик сиёсат бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Алессандра Фиданза ва бошқалар.
Кўргазма давомида 20 га яқин халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ҳамда экологик экспертиза бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласида музокаралар олиб борилди.
Шу жумладан, 5 та ташкилот вакиллари билан семинар-тренинглар ташкил этиш ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бир қаторда, 80 га яқин хўжалик юритувчи субъектларга атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва экологик экспертиза талаблари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, кўргазма доирасида 21-июн куни атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, экологик экспертиза ва стратегик экологик баҳолаш механизмларини амалиётга кенг жорий этиш бўйича тақдимот ўтказилди. Тақдимотда 50 га яқин тингловчи иштирок этди.
Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан ташкил этилган стендда экологик экспертиза соҳасидаги ютуқлар, интерактив тақдимотлар, маҳорат дарслари, замонавий технологиялар ҳамда миллий-маданий унсурлар уйғун тарзда намойиш этилди.
Марказ томонидан ташкил этилган павильон 2000 дан ортиқ ташриф буюрувчини ўзига жалб этди.
Кўргазма ташкилотчилари томонидан марказнинг фаол иштироки юксак баҳоланиб, Давлат экологик экспертизаси маркази 1-ўринга лойиқ деб топилди.