Янги қонун (ЎРҚ–1128-сон, 2026 йил 13 апрел) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида белгиланган майдонлар ва муддатларда мақбул экин экиш талабларига риоя этилмаган тақдирда жарима қўлланади.
Бунда ҳуқуқбузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Шунингдек, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳар йили 1 майга қадар мақбул экин экилмаган ер участкалари ҳамда уларнинг мулкдорлари (эгалари) ҳақидаги маълумотларни давлат солиқ органларига электрон шаклда тақдим этади.
Мазкур маълумотлар асосида эса мақбул экин экилмаган ер участкасининг қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.