24 ноябрь куни Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” туризм мажмуасининг Expo марказида Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи флора ва фауна вакилларининг ноқонуний савдосига қарши кураш тўғрисидаги Конвенсия (CITES) 20-конференциясининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
CITES CoP20 Самарқандда ўтказилган биринчи катта CITES йиғилиши бўлиб, Марказий Осиё тарихидаги илк CITES конференциясига айланди. Форумда 184 мамлакатдан ва Европа Иттифоқидан 3000 дан зиёд иштирокчи, жумладан, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият ва нодавлат сектори вакиллари иштирок этди. Асосий эътибор биоҳаилма-ҳилликни сақлаш бўйича глобал чора-тадбирларни кучайтиришга, йўқолиб бораётган турларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро савдони тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Очилиш маросимида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен (видео мурожаат), Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва CITES Бош котиби Ивонн Игуэро сўзга чиқди.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Ўзбекистон сўнгги йилларда ёввойи табиатни ҳимоя қилиш ва ноқонуний савдога қарши курашишда комплекс ислоҳотларни амалга оширганини таъкидлади.
«Бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти тарихий фармон имзолади, унда миллий экологик бошқарувни ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу фармонга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Президент ва Сенат олдида ҳисобдор бўлади. Қўмитага "Био-мерос", "Яшил макон", "Экологик маданият", "Тоза ҳаво" ва "Чиқиндисиз ҳудудлар" каби миллий ташаббусларни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, Экополиция ва атроф-муҳит мониторинг маркази ташкил этилиб, ёввойи ҳайвонлар ноқонуний савдоси, экологик жиноятлар ва флора ҳамда фаунага оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш учун кенг ваколатлар берилди», – деди қўмита раиси.
Халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон TRAFFIC, INTERPOL, “Fauna & Flora International” билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, CAMI, CADI ва Ramsar ташаббуслари каби минтақавий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Марказий Осиё давлатлари томонидан Самарқанд декларациясининг имзоланиши муҳим ютуқ бўлди.
Келажакдаги ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, раис рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш учун “Samarkand AI-Hub” маслаҳат платформасини яратиш, шунингдек, ноқонуний ёввойи табиат айланмасига қарши санкцияларни мувофиқлаштириш ва жавобгарлик чораларини кучайтириш механизмларини ишлаб чиқиш каби бир қатор ташаббусларни таклиф қилди. Ўзбекистон, шунингдек, қаттиқ назорат ва рақамли кузатув остида нойоб турларни кўпайтириш марказларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлади.
Ивонн Игуэро ўз нутқида ҳамкорлик умумий муваффақият асоси эканини таъкидлади.
“CITES – бу кўп томонлама ҳамкорликнинг амалда намойиши, ҳамкорлик инсонлар ва сайёрамиз учун натижалар беришига исбот. Бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимиз – ёввойи табиат гуллаб-яшнаши учун ягона йўл. Бугунги ишимиз кўп жиҳатларда замонавий Ипак йўли – на фақат товарлар, балки билимлар, мажбуриятлар ва Ерда ҳаётни сақлаш бўйича ҳаракатлар учун ҳам йўлдир. Ушбу учрашув барқарор йўлни белгилаш имкониятдир. Келинг, Конвенсияни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш учун бирлашайлик, шунда ёввойи турлар гуллаб-яшнайди, экотизимлар ривожланади ва келажак авлодларга барқарор табиат ва келажакка умидни мерос қилиб қолдирамиз”, – деди бош котиб.
CITES CoP20 расмий очилиши 12 кунлик кенг қамровли дастурга старт берди, унга пленар йиғилишлар, Конвенсия иловаларига ўзгартишлар муҳокамаси, мавзуги тадбирлар ва юқори даражадаги учрашувлар киради, буларнинг барчаси ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган.