Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Чустдаги "шифобахш" сувнинг бир литри 1000 сўмдан сотилмоқда

Чустдаги "шифобахш" сувнинг бир литри 1000 сўмдан сотилмоқда

Чуст тумани Қодиробод ҳудудида чиққан “шифобахш сув” ҳақидаги овоза болалаяпти. Ундан наф кўришни истаганлар жуда кўп.Йўл ёқасидаги уддабуронлар эса ҳар литрини минг сўмдан пуллашмоқда деб ёзади «Халқ сўзи Online».

“Халқ сўзи online”нинг жорий йил 23 майдаги сонида “Чустда “рак”ни даволайдиган сув чиққани ростми?” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, Чуст ва Тўрақўрғон туманлари чегарасида жойлашган Қодиробод массивидаги “Томчи замин” фермер хўжалиги даласида қазилган артезиан қудуқдан кутилмаганда “шифобахш сув” чиққанлиги, унинг минг дардга даво эканлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳақида мулоҳаза юритилганди.Фермер Абдусаттор Йўлдошев ўз кузатишларидан келиб чиқиб, 350 метр чуқурликдан насос орқали тортиб олинаётган бу сувдан бир қатор таниш-билишлари шифо топганини айтсада,уни таҳлил қилган Наманган вилоят санитария-эпидемология маркази мутахассислари истеъмолга яроқсизлиги ҳақида хулоса беришган. Шунга қарамай артезиан қудуқ (булоқ эмас) қа сув олиш учун келаётган одамлар оқими асло камайгани йўқ. Улар орасида нафақат Фарғона водийси, балки, минглаб чақирим йўл босиб келаётган Қашқадарё, Хоразм, ҳатто, Қорақалпоқликларгача бор. “Ихлос халос”, дейишади-да. Қолаверса,телевидение ва ижтимоий тармоқларда айни мавзуда берилаётган хабар ва мақолалар яхшигина реклама ролини ўйнагани ҳам бор гап.

-Бир неча йилдан буён тери хасталигидан азоб чекаётган дўстимни олиб келдим,-дейди Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи Раҳмонжон Алматов. – У қудуқ ёнидаги ариқчага оёғини солди. Энди сувдан кўпроқ олиб қайтмоқчимиз. Зора, ўртоғим шундан шифо топса.

Умид билан даво излаб келган кишини қайтариб бўладими. Бу ерда маҳалланинг чапдаст йигитлари узоқдан келаётганларга сув ғамлаб олиш учун махсус пластик идишларни етказиб беришяпти. Албатта, текинга эмас. Нарироқдаги йўл бошида эса бир неча йигит катта-катта идишлардаги сувнинг литрини минг сўмдан пуллаётир. Ана бизнес! Бироқ,фермер ёки унинг яқинлари ер қаъридан тортиб олинаётган сув учун ҳақ олишни ўйлашгани йўқ. Ҳозирча савоб. Кейинчалик ишлар қонуний йўлга қўйиб олинса бир гап бўлар.

Нима бу сувнинг чиндан ҳам инсонларни даволаш хусусияти чексизмики, одамларнинг ишончи бунча баланд бўлмаса? Айни масалада ҳамон ўз фикрида турган фермер Тошкентдаги минералогия илмий-текшириш институти томонидан ўтказилган таҳлил натижаларида унинг таркибида шифобахш “Селен”минерал моддаси борлигини қайта-қайта такрорлайи. Тўғри мазкур инсон иммун тизимини мустаҳкамлаш орқали турли хасталикларга даво эканлиги ҳақида маълумотлар бор. Бироқ, Қодиробод суви тўғридан-тўғри истеъмолга ярамаса, нима қилиш керак?

Санитар врачларнинг фикрича ушбу сувни қайта ишлаб, қаттиқлиги юмшатилса, лойқаси тиндирилиб, микроблари зарарсизлантирилса гигиеник ҳолати яхшиланади. Шундагина яроқлилик сертификати берилиши мумкин. Бунинг учун анчагина мураккаб технологик жараённи амалга ошириш талаб этилади. Энг аввало, уни бир неча босқичда фильтрлаш лозим.

Биз Қодирободга келган куни Абдусаттор ака Йўлдошев сувнинг бир нечта идишга қадоқланган намунасини олиб яна бир бор чуқур текширтириш учун Тошкентга кетган экан. УкасиАбуғаффор Йўлдошев билан суҳбатлашдик. Айтишига қараганда, сувни истеъмол ҳолатига келтириш учун талаб этиладиган шарт-шароитларни ҳозирлашга қарор қилишибди. “Хитойдан ҳамкор топиб, сувни тозалаш ва қадоқлаш технологияси учун буюртма бердик. Яқин вақт ичида бу ерда қурилиш ишларини ҳам бошлаймиз”, дейди у ишонч билан.

Табиийки, вақт кўпчилик ташвишида елиб-югураётган қишлоқ тадбиркорининг ишларига ўз баҳосини беради. Бироқ, бу масалада етти эмас, етмиш марта ўлчагандан сўнг кесмоқ керак. Чунки,сувнинг шифобахшлиги шошилинч хулоса берадиган жиҳат эмас. Қолаверса,ўртада инсон саломатлиги, деган ўта муҳим вазифа турибди.

Киритилди: 16:07 27.05.2019. Ўқилди: 4556 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!