Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2018 йил 24 сентябрдаги ҳукмига кўра, Адилов Мухлисбек Кадирович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 4-қисми билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Миллий қонунчилигимизда судланувчи қуйи суд чиқарган қарордан норози бўлган тақдирда юқори турувчи инстанция судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга. “Eski-Juva dehqon bozori” АЖда бош энергетик лавозимида ишлаб келган Мухлисбек Адилов ҳам унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2018 йил 24 сентябрдаги ҳукмидан норози бўлиб, юқори турувчи судларга мурожаат қилган.
2020 йил 23 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида судланган М.Адилов ва унинг ҳимоячиси иштирокида, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2018 йил 24 сентябрдаги ҳукмига кўра 1955 йили Тошкент шаҳрида туғилган М.Адилов манфаатдор тараф ҳисобланган “Eski-Juva dеhqon bozori” АЖ директори томонидан келтирилган кассация шикояти жиноят иши билан бирга кўриб чиқилди.
Биринчи босқич суди томонидан, М.Адилов 2015 йил 2 февралда “Eski-Juva dehqon bozori” АЖ бош энергетик лавозимига тайинланиб, шу кундан 2015 йил 15 майга қадар ушбу лавозимда ишлаб келиб, давлат иштирокидаги ташкилотининг мансабдор шахси бўла туриб, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, эгаллаб турган лавозимига кўра, жамият, унинг шаҳобчалари ва таркибий қисмини электр энергияси билан таъминлаш, жамият ҳудудидаги ижарачилар томонидан ўрнатилган электр ҳисоблагичлардан тўғри фойдаланилаётганлигини назорат қилиш, электр энергиясини объектлар бўйича тўғри тақсимланишини назорат қилиш, энергия таъминоти ҳисобини тўғри олиб бориш учун асосий ва магистрал тизимларга ҳамда ички истеъмолчи объектларга зарурий ўлчагич мосламаларини ўрнатиш ва уларнинг созлигини таъминлаш, асосий ва ёрдамчи ўлчагичлар орқали электр энергиясини сарфи ҳисобини юритиш, электр энергиясини асоссиз ва ҳисобдан ташқари сарфланиш ҳолатларига йўл қўймаслик, уни нотўғри сарфланиши оқибатида жамиятга келтирилган зарарни масъул ходимлардан ундирилишини таъминлаш вазифа ва ваколатлари бириктириб берилган ҳамда махсус ўлчагичларнинг носозлиги электр энергиясининг назоратсиз (ҳисобсиз ёки нотўғри) сарфланиши, электр ўлчагичлари тамғалари бузилиши ҳоллари ҳамда бошқа хато ва камчиликлар оқибатида тегишли идоралар томонидан белгиланган молиявий жарималарни бош энергетикдан ундириш белгиланган бўлса-да, ўзининг хизмат ваколатларидан қасддан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 245-сонли Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги 295-сонли Қарори билан тасдиқланган илованинг 63-банди талабларига зид равишда жамиятга тегишли бўлган “Энергомера” СЕ303 русумли, 009717039000289-рақамли электр ҳисоблагичга 2015 йил 19 март куни соат 14:46 да ва соат 16:50 ҳамда 009717039000316-рақамли электр ҳисоблагичга 2015 йил 20 март куни соат 14:36 да соат 17:24 да ташқи таъсир кўрсатиб, уларнинг клеймо қопқоқларини очиб, ҳисобга олишни назорат қилиш приборлари шикастланишига йўл қўйиб, электрон муҳрини очган ҳолда кўп маротаба ташқи таъсир кўрсатиш оқибатида кетма-кетлик тартибини бузилишига сабабчи бўлиб, Шайхонтоҳур тумани электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан охирги маротаба 2017 йил 3 апрелда текширув ўтказилганлигини инобатга олиб, ушбу санадан 2017 йил 13 декабрга қадар электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги оқибатида давлат манфаатларига жами 2.008.730.700 сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганликда айбланган.
Жиноят иш ҳужжатларига кўра, “Eski-Juva dehqon bozori” АЖдаги “Энергомера” СЕ303 русумли, 009717039000289-рақамли электр ҳисоблагичнинг дастурлаш журналига охирги маротаба 2016 йил 11 март куни ташқи аралашув бўлиб, бу аралашув натижасида дастурлаш журналида дастурий таъминот орқали ЖКИ, яъни дисплейда кўрсатадиган ролларни белгилайдиган созламаларга таъсир қилинган. Бундай аралашув счётчик билан “ASKUE” ўртасидаги маълумотлар алмашув вақти ўртасидаги фарқ ёки счётчик адресини тўғрилаш мақсадида қилиниши, бу аралашув счётчикдаги кўрсаткичларга таъсир қилмаслиги маълум бўлди.
“O’ZDAVENERGONAZORAT” Тошкент шаҳар бўлими томонидан “Eski Juva” АЖ директори номига берилган 2018 йил 16 май кунидаги ЛС 10/277-сонли хатда 009717039000289-рақамли ҳисоблагични ички хотирасига 2013 йил 19 март куни, 009717039000316-рақамли электр ҳисоблагичнинг ички хотирасига 2013 йил 26 февраль куни таъсир кўрсатилгани эҳтимоли борлиги кўрсатилган.
Судланган М.Адилов “Eski-Juva dehqon bozori” АЖ бош энергетик лавозимидан 2012 йил 13 июлда ишдан бўшаб, 2015 йил 2 февралда яна ишга қайтиб, шу йилнинг 15 майида ишдан бўшаган. Бундан “Энергомера” СЕ303 русумли, 009717039000289-рақамли ва 009717039000316-рақамли электр ҳисоблагичнинг дастурлаш журналига ўзгартиш киритилган вақтда М.Адилов “Eski-Juva dehqon bozori” АЖда ишламаган.
Шунингдек, жиноят ишида мавжуд “ASI ENERGOMERA” МЧЖ томонидан тузилган 2017 йил 15 декабрдаги 89-сонли далолатномада 009717039000289-рақамли электр ҳисоблагичнинг клеймо қопқоқлари 2016 йил 19 март куни соат 14:46 ва 15:50да, 90-сонли далолатномада эса 009717039000316-рақамли электр ҳисоблагич клеймо қопқоқлари 2015 йил 20 март куни 14:24да ва 14:36да очилганлиги кўрсатилган бўлиб, электр ҳисоблагичнинг клеймо қопқоқларини очилиши дастурлаш журналига таъсир қилмаслиги аниқланди.
Кассация инстанцияси судлов ҳайъати томонидан М.Адиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги, 009717039000316-рақамли электр ҳисоблагич дастурлаш журналига 2013 йил 4 март куни ва 009717039000289-рақамли электр ҳисоблагич дастурлаш журналига 2013 йил 19 март куни ташқи аралашув бўлгани ҳамда бу аралашув натижасида маълумотлар ўзгартирилгани ўз тасдиғини топганлиги, бу даврда М.Адилов “Eski-Juva dehqon bozori” АЖда ишламаганлиги сабабли уни айбсиз деб топиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинди.
М.Адиловга мазкур жиноят иши доирасида етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Кассация шикояти қаноатлантирилди.
Элбек Турғунбоев,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси
Аслига тўғри: