Эндиликда чиқиндидан қарзи борларга тезда электр тўлови учун тақиқ қўйилмайди. Қарзни тўлаш учун 5 кун муддат берилади. Бу ҳақда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси кеча, 24 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, энди чиқиндидан қарзи бор истеъмолчига қарздорлик юзасидан қисқа хабар юборилгандан сўнг тезда электр тўлови учун тақиқ қўйилмайди. Бунинг учун 5 кунлик муддат берилади. Шунда ҳам истеъмолчи қарздорликни бартараф этмаса, шу даврдан бошлаб унинг электр учун қилган тўлови қабул қилинмайди.
Бундан ташқари, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотларнинг зиммасига ҳам мажбуриятлар юкланди. Яъни бундан буён мазкур турдаги ташкилотлар чиқинди учун қилинган тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар ҳисобланади. Агар ушбу талаблар бузилса, хизмат кўрсатувчи томон истеъмолчига етказилган зарарни қоплаб беради.
Билдирилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмларини такомиллаштиришга, чиқинди хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган.