Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Чиғириқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳудудда жойлашган кўмир омборидан чиқаётган чангдан жабр кўрмоқда. Бу ҳақда аҳоли вакиллари хабар қилди. Ушбу ҳолат бўйича "Turon24" мухбири суриштирув ўтказди.
“Бу ердаги омборда кўмирни ҳам туширишади, ҳам ортишади. Бу ердан туманларга жўнатилса керак. Экскаваторда ортганда атрофга чанг ёйилиб кетади. Ҳовлимизни қоп-қора рангга бўяйди. Бу масала бўйича маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам неча марта мурожаат қилдик. Лекин фойдаси бўлмади. Олти метрлик девор билан ўраб оламиз, ундай қиламиз, бундай қиламиз деб ваъда бераверишади. Аммо ҳали бирон иш қилишгани йўқ. “Кўчаларингни асфалт қилиб берамиз, бошқа қилиб берамиз. Бизга кўмир омборининг зарари тегмаяпти деган тилхат ёзиб беринглар”, – дейишибди одамларга. Жабрини чеккан биз бўляпмиз. Аҳоли яшайдиган жойда бундай кўмир омбори бўлиши мумкин эмас”, – дейди аҳоли вакилларидан бири.
Маълумотларга кўра, бу ерда фаолият юритаётган кўмир омбори “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси “Бирлашган ёқилғи омбор хўжалиги”га қарашли Тўйтепа иккинчи омбори деб аталади.
“Дарахтларимиз қуриб қолаяпти, қуримаганлари ҳам касалланган. Ҳатто уйларимизнинг ичини ҳам кўмир чанги босаяпти. Кўмир чанги бизга кўп зарар бераяпти. Мен уйда доривор гиёҳ етиштираман. Эккан гиёҳларим кўкармади, кўкарганлари ҳам қувраб қолаяпти. Мен бунинг уруғини анча пулга олганман. Бу ерда қандай қилиб кун кўрайлик?!
Бир шамол кўтарилса, чангдан нафас олиб бўлмайди. Ҳаммаёқ қоп-қоралигидан уйга меҳмон ҳам айтолмаймиз. Биз ҳам мана шу яшаётган жойимизга солиқ тўлаймиз ахир! Ёзмаган жойимиз, кўрмаган чорамиз қолмади. Катта трактор кеча-кундуз ишлайди. Ишдан чарчаб келамиз, тракторнинг овозидан дам олиб ҳам бўлмайди. Прокуратурага ёздик, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёздик. Эшитишимизча, кўмир омборидагиларнинг тепада каттароқ одами бор экан. Ёзган мурожаатларимизни ўша одам орқали булар "ҳал қилиб" юборишаётган экан. ДСЭНМ(СЭС)дан ҳам одам келди, экологиядан ҳам келишди. Лекин масаламизга ҳеч бир ижобий ечим топишолмади”, – дейди исми сир қолишини сўраган маҳалла фуқароси.
2018 йилнинг 13 сентябрь куни Нурафшон шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси Тошкент вилояти бўйича кўмир омборлари раҳбари номига хат чиқарилган. Ушбу хат “Чиғириқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг Президент виртуал қабулхонасига қилган мурожаатига асосан юборилган.
Расмий хатда: “...бошқармага қарашли брикет ишлаб чиқариш цехига 2 та автомашина кўмир кукуни ортилаётганда кўмир чанги чиқиши аниқланди, шу вақтда Ўртачирчиқ туман санитария гигиена лабораторияси ходимлари иштирокида омборхона қоровулхонасида кўмир чангидан намуна олинган. Текширувлар хонадаги чанг миқдори 7,55мг/м3 эканини кўрсатди, бу эса санитария нормасидан 30 фоиз кўпдир.
2018 йил 2 сентябрь куни кўмир чангини ўлчаш учун омбор ёнидаги атмосфера ҳавосидан намуна олинганда Ш.Музаффаров хонадонида кўмир чанги – 0,64 мг/м3, З.Ёвқочева хонадонида кўмир чанги – 0,74мг/м3, Д.Ризаева хонадонида кўмир чанги – 0,70мг/м3 эканлиги аниқланди. Бу эса санитария нормасидан 20-50 фоиз кўп”, – дейилади.
Шунингдек, Нурафшон шаҳар ДСЭНМ кўмир омборининг фаолиятини зарарсиз ташкил этиш бўйича қуйидагича тавсияни ҳам берган:
“Нурафшон шаҳар ДСЭНМ “Аҳолининг санитария эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси ва Аҳоли яшаш ҳудудларида атмосфера ҳавоси муҳофазасининг санитария норма ва қоидаларига асосан қуйидаги тавсияларни бажаришни тавсия қилади.
Ўзбекистон ССВнинг 0350-17-санитария қоидалари ва меъёрлари 6.1.8-банди 3-синф тоифасига кўра атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба ёки ишлаб чиқариш цехи аҳоли пунктидан 300 метр узоқликда бўлиши керак.
Аҳоли шикоятини ва мурожаатларини ўрганиш мақсадида атмосфера ҳавосидаги чанг даражаси доимий равишда ўлчаниши режалаштирилсин.
Омборхонада кўмир ортиб-туширишда чанг миқдорини камайтириш мақсадида технологик жараён такомиллаштирилсин, майдон атрофини ўраш ва устини ёпиш таъминлансин”.
Бизга маълум мустақил тиббиёт ходимининг таъкидлашича, “Кўмир чанги юрак-қон томир системасини зарарлаб, қон босимини оширади. Иммун системасини бузади ва саратон касаллигини келтириб чиқаради. Нафас йўллари касалликлари, бронхит, юқори ва пастки нафас аъзолари саратонини келтириб чиқаради. Ўпка касалликлари, айниқса ўпка саратонини юзага келтиради”.
Давоми бор.