Черногория жануби-ғарбидаги Цетинье шаҳрида чоршанба куни тушдан кейин содир бўлган отишмада камида 10 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Данило Шаранович маълум қилди.
Черногория давлат телерадиокомпанияси RTCG хабарига кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида маҳаллий ресторанда шиддатли тўқнашувлар содир бўлган.
Матбуот анжуманида Д.Шаранович тўрт киши оғир тан жароҳати олгани, улардан икки нафари шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ва ҳозирда реанимация бўлимида ётганини тасдиқлади.
"Цетиньеда барча мавжуд полиция бўлинмалари жойлаштирилди, гумондор шахсни аниқлаш ва қўлга олиш ҳаракатлари олиб борилмоқда", деди Ички ишлар вазири ва ҳодисанинг уюшган жиноятчиликка алоқаси йўқлигини қўшимча қилди.
Д.Шаранович аҳолини кўчага чиқмасликка чақириб, гумонланувчи яшириниши мумкин бўлган ҳудуд торайганини қайд этди. У, шунингдек, қурол қонунларини қайта кўриб чиқиш режаларини эълон қилди ва ҳужум ноқонуний эгалик қилинган қуроллар билан боғлиқлигини таъкидлади.
Ҳукумат 2-4 январь кунлари 3 кунлик миллий мотам эълон қилди. Барча оммавий ва маданий тадбирлар тўхтатилади, байроқлар яримга туширилади.