2019 йил 20 май куни Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Бухоро шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган З.Ж. ва унинг шериклари — Ромитан туманида истиқомат қилувчи Б.Қ. ва Н.Ғ. қўлга олинди.
Вилоят ИИБ матбуот хизматига кўра, йигитлар Ромитан туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган Ш.С.ни жорий йил апрель ойида у билан жинсий алоқа бўлганлигини тасдиқловчи видеоёзувларни оиласига кўрсатиб, шарманда қилиш билан қўрқитган. Бунинг эвазига ундан Лаcетт Gentra русумли автомашина олиб бериши талаб қилинган.
Улар жабрланувчини Бухоро шаҳридаги «Ситора-Автосавдо» МЧЖ филиалида З.Ж номига Lacetti Gentra сотиб олиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштиришга кўндириб, машина учун 128.679.875 сўм миқдордаги пулларни банкка топширтираётган вақтда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан шантажчиларга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Қ ва Н.Ғ.га нисбатан гаров, З.Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.