Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухоролик фуқаро айбсиз деб топилди

Бухоролик фуқаро айбсиз деб топилди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2008 йил 27 июндаги ҳукмига кўра, Т.С Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва 2007 йил 30 ноябрдаги амнистия акти 7-бандининг “а” кичик банди татбиқ этилиб, ўталмай қолган жазо муддати учдан бир қисмига қисқартирилган.

Суднинг ҳукмига кўра, С.Т Навоий шаҳар ва туман ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ катта тезкор вакили вазифасида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ИИБда ўзи билан бирга ишловчи мансабдор шахслар Ф.А ва Ш.Алар билан олдиндан тил бириктириб, Ф.А ва Ш.Слар томонидан 2007 йил 26 январь куни соат 13:00ларда Навоий шаҳар ва туман ИИБга олиб келинган Б.А, Ш.Ч ва Р.Шларни уларнинг гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишлари ҳақида маълумотлар мавжудлиги ва уларни жиноий жавобгарликка тортиб, қаматиб юборишлари учун далиллар етарли эканлиги билан қўрқитиб, жиноий жавобгарликдан қутқариш эвазига 4.000 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, тамагирлик йўли билан шу куни соат 22:00да туман ИИБ биносида А.А ўзининг хизмат хонасида Б.Анинг жияни М.Мдан 5.176.000 сўмга тенг бўлган 4.000 АҚШ долларини пора тариқасида олганликда айбли деб топилган.

Судланувчи С.Т ҳамда унинг ҳимоячиси-адвокат М.К апелляция шикоятида, С.Тнинг айбсизлиги ва ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги ҳақида важлар келтиришиб, суд ҳукмини бекор қилиб, С.Тни оқлаш хусусида ажрим чиқариш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 22-моддаси талабларига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Ушбу кодекснинг 463-моддаси 1-қисмига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги 2014 йил 23 майдаги 7-сонли Қарорининг 4-бандига мувофиқ, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги;

далиллар мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланишида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган тушунтиришларга амал қилиниши лозимлиги;

далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши;

текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланиши, судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши балки, суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши лозимлиги;

ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги;

5-бандида, “Судларнинг эътибори, ЖПКнинг 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилиши;

судлар ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлигини эътиборга олишлари кераклиги”ги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Бироқ суд, судланган С.Тга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” бандида (2001 таҳририда), масъул мансабдор шахс томонидан пора олганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур жиноятнинг объекти давлат ҳокимияти, бошқарув ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳисобланиб, объектив томондан пора олиш мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий наф кўришида ифодаланади.

Суд, судланган С.Тни айб эпизодлари бўйича пора олганликда айбли деб топар экан, ҳукмда у пора берувчиларнинг манфаати учун қайси ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик эвазига пора олганлигини ва бу айнан қандай далиллар билан исботланганлигини ёритиб бермаган.

Судлов ҳайъати, мазкур жиноят иши бўйича пора предмети бўлмагани ва аниқланиб олинмагани, С.Тнинг пора олганлиги иш ҳолатлари билан тасдиқланмагани сабабли, тергов органи томонидан сўроқ қилинган гувоҳ М.Мни, тергов органи ва биринчи босқич судида сўроқ қилинган Б.А ва бошқаларнинг, судланган С.Тга пора бергани ҳақидаги кўрсатувларини ишончга сазовор эмас деб ҳисоблади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Олий суди раиси, Миллий хавфсизик хизмати раиси, Ички ишлар вазири томонидан 2014 йил 23 июнда имзоланган “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшма кўрсатманинг 8.1-бандида, аризачининг кўрсатмаси, шахснинг айбига иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланган ҳолатлар ҳам бошқа объектив далиллар аниқланмаган тақдирда айблаш учун етарли асос бўла олмаслиги инобатга олиниши;

8.2-бандида, шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкинлиги, бунда, далиллар доирасини пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалар билан чегаралаб қўймасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантириш шартлиги (жиноят устида ушлаш ҳолатлари бундан мустасно);

8.3-бандида, арзнинг ёки айбига иқрорлик кўрсатмаларининг ҳаққонийлиги, ихтиёрийлиги, ҳар қандай тазйиқлардан холилиги синчковлик билан текширилиши ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалари, объектив далилларсиз, шахснинг айбини исботловчи “устун” далил сифатида эътироф этилишига йўл қўйилмаслиги кераклиги қайд этилган.

ЖПКнинг 112-моддасига кўра, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 493-моддасида жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб, суд ушбу Кодекснинг 83-моддаси ва 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек биринчи инстанция судида кўриб чиқилган далиллар судланувчини айбли деб топиш учун етарли бўлмаса ва қўшимча далиллар тўплаш имконияти қолмаган бўлса, айблов ҳукмини бекор қилади ва жиноят шини тугатади деб белгиланган.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати, тергов ва биринчи босқич судида, С.Тнинг пора олгани апелляция инстанциясида бирон бир даллилар мажмуи билан тасдиқланмагани ва унинг Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” бандлари (ёки ЖКнинг 210-моддаси бошқа қисмлари ҳамда бандлари)да назарда тутилган пора олиш жиноятини содир этганлиги ўз исботини топмаганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 10 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2008 йил 27 июндаги ҳукми бекор қилиниб, Т.Снинг ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
83-моддаси 2-бандига асосан тугатилиб, Т.Саъдулло айбсиз деб топилиб, оқланди.

Т.Сга, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда, жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

             КСҲ-4-06/125-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят судининг

судьяси З.Қурбонов

Киритилди: 12:22 26.11.2019. Ўқилди: 1648 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!