Бугун 26 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Бухорода ўн бир йилдан сўнг ҳақиқат қарор топди

Бухорода ўн бир йилдан сўнг ҳақиқат қарор топди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 августдаги ҳукмига кўра Эшмурадов Ихтиёр Қорёғдиевич Ўзбекистон Республикаси ЖК 164-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 25,97-моддаси 2-қисмининг “а,в,ж,и” бандлари билан, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суд ҳукмига кўра, судланган И.Эшмурадов ҳамқишлоғи Т.Юллиеванинг жўда кўп миқдордаги жами 10.164.000 сўмга тенг бўлган 7.000 АҚШ долларини (2009 йил 29 январь куни 1 АҚШ доллари 1.408 сўм 44 тийин тенг бўлган) қўлга киритиш мақсадида, 2009 йил 29 январь кеч соат 22:30 да Бухоро вилояти, Жондор тумани, “Наврабод” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Пешқандоқ” қишлоғида яшовчи Т.Юллиеванинг яшаш уйи ётоқхонасига ғайриқонуний равишда кириб, Т.Юллиева ва унинг 2000 йилда туғилган невараси вояга етмаган У.Ҳамроевага ҳужум қилиб, ухлаб ётган ожиз аҳволдаги Т.Юллиевага ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, босқинчилик жиноятини қасддан содир этиб, ўзининг босқинчилик жиноятини яшириш мақсадида, Т.Юллиеванинг невараси вояга етмаган У.Ҳамроеванинг кўз ўнгида жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда Т.Юллиевани қасддан ўлдириш мақсадида ҳаёти ва соғлиги учун муҳим бўлган бўйин соҳасидан тамагирлик ниятида қўли билан бўғиб, сўнгра бош ва танасининг турли қисмларига ўзи билан бирга олиб келган ёғоч таёқ билан қасддан бир неча маротаба ўта шафқатсизлик билан уриб, унга ўртача оғир даражадаги тан жароҳатлари етказиб, хонада бўлган вояга етмаган ожиз аҳволдаги У.Ҳамроевани ҳам қасддан ўлдириш мақсадида ҳаёти ва соғлиги учун муҳим бўлган бош ва танасининг бошқа қисмларига қўл ва оёқлари билан қасддан бир неча маротаба ўта шафқатсизлик билан уриб, унга ўртача оғир даражадаги тан жароҳатлари етказиб, Т.Юллиева ва вояга етмаган У.Ҳамроеваларни ҳушсиз ҳолатга келтириб, Т.Юллиева ҳамда вояга етмаган У.Ҳамроеванинг устига ётоқхонада бўлган кўрпа-тўшакларни ташлаб, уларни қўлида бўлган ёндиргич билан ёқиб, воқеа жойидан яширинган.

Бироқ, жабрланувчи Т.Юллиеванинг фаол ҳаракатлари, яъни И.Эшмурадов хонадан чиқиб кетганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг қўшниларни ёрдамга чақириб келгани натижасида, улар томонидан хонадаги ёнғиннинг олди олинишига эришилиб, И.Эшмурадовнинг режалаштирган жинояти ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2009 йил 3 сентябрдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 6 февралдаги ажрими билан И.Эшмурадовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2009 йил 3 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Шу боис, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддаси талабларига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозимлиги;

463-моддаси 1-қисмига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги қайд этилган.

Бироқ, биринчи босқич суди иш бўйича қайд этилган Қонун талаблари ҳамда тушунтиришларига риоя қилмаган.

Биринчи босқич суди, судланувчи И.Эшмурадовнинг судда эълон қилинган айбловга муносабатини билдириб, ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важларига ҳуқуқий баҳо бермасдан, жабрланувчи Т.Юллиеванинг бир-бирига зид кўрсатмалари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси, баромоқ изларининг судланувчи И.Эшмурадовга тегишли экани ҳақидаги экспертиза хулосаси, судга оид биологик экспертиза хулосаси билан ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа бир қатор далиллар йиғиндиси билан И.Эшмурадовни айбини тасдиқловчи далил сифатида эътироф этиб, барвақт хулосага келган кўринади.

Апелляция инстанциясининг видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд процессида сўроқ қилинган И.Эшмурадов, жабрланувчи Т.Юллиева ва унинг оила аъзоларини танишини, бироқ улар билан орасида бирор вақт келишмовчиликлар бўлмаганини, 2009 йилнинг 29 январь куни жабрланувчи Т.Юллиеванинг уйида содир этилган босқинчиликда унинг дахли йўқлигини, у бу ҳақида тергов ҳаракатлари жараёнида билганини, 2009 йилнинг 29 январь кунидан 30 январь кунига ўтар кечаси уйида телевизор томоша қилиб, сўнгра ухлаганини, ўша куни фақат қўшниси Боқиев Исломникига бориб, ундан DVD диск олиб келганлигини, жабрланувчи Т.Юллиеванинг уйига бостириб кирмаганлигини ёки унда пул борлигини билмаганлигини, жиноят содир бўлган куни ўз уйида бўлганини бошқа гувоҳлар ҳам буни тасдиқлашини, жабрланувчининг уйи билан унинг уйи орасидаги масофа 3 км.ларни ташкил этишини, кийимларида аниқланган
“А” антигенли қон доғи, турмуш ўртоғи ва қайноғаси билан уришиб қолган вақтда улардан келиб чиққан бўлиши мумкинлигини, оиласидан бошқа иккинчи аёли ҳам бўлганлигини, у уни уйга олиб келганида қайнукаси А.Шодиев ҳам уйида бўлганини ва шу сабаб ораларида жанжал келиб чиқганини, жанжалда қайнукасини бурни ёки лаби қонаганлигини, қон доғлари айнан А.Шодиевга тегишли бўлиши кераклигини, жабрланувчининг турмуш ўртоғи Б.Юллиев билан муносабатлари яхши бўлганлигини, иккови биргаликда унинг уйида карта ўйнаб турганликларини, бироқ у унда пул борлигидан бехабар бўлганини, Т.Юллиеванинг уйида содир бўлган воқеаларни тергов ҳаракатлари жараёнида билганини, ИИБ ходимлари ундан ўз айбига иқрор бўлишини талаб қилишиб, унга турли жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказишганини, ИИБ ходимлари асоссиз равишда уни маъмурий қамоққа олишиб, айбига иқрорлик билдирмаса гиёҳвандлик воситаси ташлаб бўлса ҳам уни қамаш билан қўрқитганликларини, 3 сутка давомида уни қийноқларга солишиб, ундан бармоқ излари олишганини, у жиноят содир этмагани, виждони олдида ўзини айбсиз деб ҳисоблашини ва суддан ҳам унга нисбатан адолатли қарор қабул қилишни сўраб кўрсатма берди.   

Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган З.Эшмурадова, И.Эшмурадов унинг турмуш ўртоғи эканлигини, 2009 йилнинг 29 январь куни турмуш ўртоғи билан кун давомида уйда бўлганлигини, турмуш ўртоғи ғиштдан ҳаммом қурганлигини ва шу куни уйидан бошқа ҳеч қаерга кетмаганлигини, шу куни соат 18:30 ларда оила аъзолари овқатланаётганларида қўшниси Жумаева Малоҳат келганини ва соат 22:30 ларга қадар уларникида меҳмонда бўлганлигини, меҳмон кетганидан сўнг туриб турмуш ўртоғи телевизор кўриб ётган уйга кирганида телевизор ва ДВД ёниқ ҳолатда ҳолатда эканлигини, бироқ турмуш ўртоғи ва ўғли ухлаб ётганлигини кўрганини, шу куни соат 21:00 лар атрофида уйидан чиқиб кетиб, қўшнилари Боқиев Исломнинг уйидан ДВД диск олиб келганини, шундан сўнг турмуш ўртоғи тонг отгунга қадар уйидан чиқиб кетмаганлигини, Т.Юллиеванинг уйида бўлиб ўтган воқеадан бир неча кун олдин турмуш ўртоғи И.Эшмурадов уйига иккинчи хотинини олиб келганлигини, ўша пайтда уларнинг уйида укаси Шодиев Ашур ҳам бўлганлигини, шу сабабли укаси Ашур поччаси билан ўзаро жанжаллашиб кетганлигини, жанжал давомида Ашур жароҳат олиб, унинг бурнидан қон оққанлигини, шу сабабли укаси ва турмуш ўртоғи қонга булғанганлигини, ўша куни турмуш ўртоғининг устида оқ йўл-йўл футболкаси ва чопони бўлганлигини, оёғида нима борлигини эслолмаслиги ҳақида кўрсатма берди.

Жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриш даврида Россия Федерациясига ишлаш учун кетган, бироқ, биринчи босқич судида сўроқ қилинган Жумаева Малоҳат Акмаловна, З.Эшмурадованинг кўрсатувларини тасдиқлаб, ҳақиқатдан ҳам 2009 йилнинг 29 январь куни соат 19:30 лардан 22:00 ларга қадар И.Эшмурадовларнинг уйида бўлганини, шу вақт оралиғида И.Эшмурадовнинг спиртли ичимлик истеъмол қилганини кўрмаганлигини ёки у уйига кетаётган вақтида ҳам И.Эшмурадов уйида бўлгани ҳақида кўрсатма берган бўлса, 2019 йилнинг 2 июль кунида ўлими қайд этилган, яъни судда сўроқ қилинган Боқиев Ислом Умарович судланувчи И.Эшмурадов билан унинг уйи орасидаги масофа тахминан 100 метрни ташкил қилишини, 2009 йилнинг 29 январь куни соат 20:30 ларда И.Эшмурадов унинг уйига келиб ундан ДВД диск олиб кетганлигини, И.Эшмурадов унинг уйига келган вақтида тахминан ярим соатларча у билан суҳбатлашиб турганлигини, бироқ у унинг спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини сезмагани ҳақида кўрсатма берган.

Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган А.Шодиев, судланувчи И.Эшмурадов опаси З.Эшмурадованинг турмуш ўртоғи эканлигини,
2009 йил 19 январь опаси З.Эшмурадованинг уйига хабар олиш учун борганлигини, поччаси Ихтиёр уйига иккинчи хотин сифатида таништирган бир аёлни олиб келганлигини, шунда унинг жаҳли чиқиб, поччаси билан жанжаллашганлигини, жанжал вақтида унинг бурнидан қон келганлигини, қон доғлари ўзининг ҳам поччасининг ҳам кийимларига текканлигини, опаси ва жиянлари уларни ажратганлигини билдириб кўрсатма берган.

Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган Д.Эшмурадов ҳам айнан З.Эшмурадова ва А.Шодиевларнинг кўрсатувларига ўхшаш кўрсатув беришган.

Тергов ҳаракатлари жараёнида сўроқ қилинган Жумаева Садоқат Тўхтаевна, ҳақиқатда судланувчи И.Эшмурадов билан ишқий муносабатлари бўлганини ва 2009 йилнинг 15 январь куни кеч соат 03:00 ларда И.Эшмурадовнинг таклифига кўра у билан биргаликда унинг яшаш уйига борганини, бу вақтда И.Эшмурадов маст ҳолатда бўлганини боис, уйига боргач оила аъзолари билан жанжаллашгани ҳақида кўрсатув берган.

Судга оид биологик экспертизасининг хулосасидаги И.Эшмурадовнинг кийимидан топилган “А” антигенли қон доғлари шу антигенли ҳар қандай шахслардан, шу жумладан “А” антигенли қон гуруҳига эга бўлган жабрланувчи Т.Юллиева ёки бошқа шу гуруҳга мансуб бошқа шахслардан ҳам келиб чиқиши истисно этилмаслиги кўрсатилган.

Мазкур экспертизанинг хулосаси билан аниқланган қон доғлари
2009 йил 15 январдаги жанжалда қатнашган ҳар бир шахсдан ҳам келиб чиқиши мумкинлиги истисно этилмаган бўлиб, бу шубҳани бартараф этиш учун З.Эшмурадова, унинг акаси А.Шодиев ва ўғли Д.Эшмурадовнинг қонидан намуна олинганида фақатгина А.Шодиевнинг қон гуруҳи
“А” антигенли эканлиги қайд этилган бўлиб, бу эса судланувчи И.Эшмурадовнинг судда ва шикоятида келтирган важларини, яъни қайнукаси А.Шодиев билан ўртасида жанжал бўлиб ўтганини ва унинг кийимидаги қон доғлари А.Шодиевга тегишли экани ҳақидаги кўрсатмасини инкор этмайди.

Бундай ҳолатда, судга оид биологик экспертиза хулосасининг И.Эшмурадовнинг кийимидан топилган “А” антигенли қон доғлари жабрланувчи Т.Юллиевага тегишли деган биринчи босқич судининг хулосасини шубҳа остига қўяди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 187-моддасининг 2-қисми талабига кўра, экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи, суд учун муқаррар далилий кучга эга эмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, биринчи босқич суди И.Эшмурадовнинг айби, Т.Юллиеванинг уйининг кириш эшиги деразасидан олинган бармоқ излари И.Эшмурадовга тегишлилиги ҳақидаги экспертиза хулосаси билан тасдиқланганини кўрсатган ҳолда айнан шу бармоқ изларини олиниш ҳолатини тўлиғича ўрганмаган.

Воқеа жойини кўздан кечириш 2009 йил 30 январь куни соат 01:20 да ўтказилган бўлиб, бармоқ изи кириш эшигининг дераза ойнасидан олингани қайд этилган. Кечаси уйда чироқ бўлмаган ҳолатда, кўздан кечириш қандай амалга оширилгани, кўздан кечириш баённомасига илова қилинган суратлар кундуз куни олингани акс этгани, эшик деразасидаги бармоқ изи суратга олинмасдан кечаси қандай олинганига аниқлик киритилмаган.

Воқеа жойи З.Бобоев ва Х.Ҳамроевнинг холислигида кўздан кечирилганлиги қайд этилган.

Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган З.Бобоев, жабрланувчи Т.Юллиеванинг уйига номаълум шахс бостириб киргани ҳақида
2009 йилнинг 30 январь куни соат 09:00 ларда эшитганлигини, унинг уйи ва Т.Юллиеванинг уйи орасидаги масофа 150 метрни ташкил этиши боис, шу куни эрталаб одамлар тўпланиб туришгани учун у ерга борганида, 4-5 нафар ИИБ ходимлари ва Т.Юллиеванинг қариндошлари олов ёқиб туришганлигини кўрганлигини, ИИБ ходимлари воқеа жойидаги оловда куйган ва қон тўкилган кўрпа-тўшакларни кўздан кечириб баённома тузганликларини, тузилган баённомага унга холис сифатида имзо қўйганини, воқеа жойини кўздан кечириш жараёнида холис сифатида иштирок этган фуқаро Ҳамроев Ҳамрони танимаслигини, воқеа жойини ИИБ ходимлари суратга олганликларини кўрмаганлигини, воқеа жойидаги бармоқ излари олинган дактилоскопик пленка солинган конвертни имзоламаганлигини, конвертдаги холис З.Бобоевнинг ўрнига қўйилган имзо унга тегишли эмаслиги ҳақида кўрсатма берди.

Шунингдек, ишда холис сифатида жалб этилган Х.Ҳамроев ҳам тергов жараёнида 2009 йил 29 январь куни кечаси ухлагани, кечаси воқеани эшитиб бориб, уша ерда уйдан чиқарилган куйган кўрпачаларни ерга солиб ўтирганини билдирган.

Кўрсатувларига кўра, ҳар иккала холис З.Бобоев ва Х.Ҳамроев ҳам воқеа жойини кўздан кечиришда қатнашмаганликлари кўринади.

Воқеа жойини кўздан кечириш баённомасида учта дактоплёнкада бармоқ излари олингани қайд этилган бўлса-да, уларни конвертга солиниб муҳрлангани, ҳар қайси плёнкадаги бармоқ изининг қаердан олингани белгиланиб алоҳида хусусияти қайд этилмаган.

Экспертиза ўтказиш учун бармоқ излари 125х200 мм. бўлган қоғоз жилдда тақдим қилинган. Пакет эксперт томонидан суратга олинмаган, унинг устида кимлар имзо қўйгани, жилдни ичидан қандай ҳолатда дактоплёнкалар олингани умуман акс эттирилмаган.

Тадқиқотга тақдим этилган дактоплёнкаларнинг қайси бири эшикдан, қайси бири деразадан олингани бирор ҳужжатда акс эттирилмаган бўлса-да эксперт буни қандай билгани мавҳум.

Жиноят иши ҳужжатларига илова қилинган судга оид хатшунослик экспертизасининг 2009 йил 14 июлдаги 529-сонли хулосасида, 2009 йил 30 январдаги “Воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси”нинг “имзо-подпись”, “Холислар:2” графаларидаги, жиноят ишининг 23-бетидаги Жондор туман ИИБ бошлиғи номига Бобоев Зафар Тешаевич номидан ёзилган 31.01.2009 йилдаги тушунтириш хатининг олд томонидаги “31.01.09” ёзуви қаршисидаги ва орқа томонидаги “31.01.09” ёзуви юқорисидаги “Бобоев З.” номидан бажарилган имзолар, фуқаро Бобоев Зафар томонидан бажарилгани аниқ қайд этилган бир вазиятда, воқеа жойини кўздан кечириш жараёнида, эшик ойнасидан ва дераза ойнасидан 3 дона 35х70 мм, 35х71мм, 35х41 мм дактилоскопик плёнкаларга олинган қўл бармоқ излари солинган конвертнинг “Холислар:2” графасидаги “Бобоев З.” номидан бажарилган имзо фуқаро Бобоев Зафар томонидан бажарилган бўлиши мумкинлиги хусусида тахминий хулоса берилган.

Қонун мазмунига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига олиб келади.

Мақбул бўлмаган далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан ЖПКнинг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.

Юқорида қайд этилганларга кўра, воқеа жойини кўздан кечириш баённомасини тегишли тартибда расмийлаштирилмагани ҳамда дактилоскопик плёнкалардаги қўл бармоқ излари процессуал тартибга риоя қилинган ҳолда олинмагани сабабли, судлов ҳайъати ушбу далилларни мақбул эмас деб топади.

Жабрланувчи Т.Юллиева дастлабки тергов жараёнида уни уйига кирган шахс ундан ҳеч қандай пул ва бошқа мулклар талаб қилмаганлигини, уйига кирган шахсни танимаганлигини, номаълум шахс уни уриб, унга тан жароҳати етказиши жараёнида у ҳам уни тимдалаб унга жароҳат етказганини кўрсатган бўлса-да, кейинги кўрсатувларида эса уйига бостириб кирган шахснинг айнан судланувчи И.Эшмурадов бўлганини ва у уни бешафқатларча уриб, ундан пул топиб беришни талаб қилгани ҳақида турлича кўрсатмалар бериб, кўрсатмаларини бир неча маротаба ўзгартирган.

Апелляция инстанциясида жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган Т.Юллиева, 2009 йил 29 январь куни кечга бориб электр энергияси ўчиб қолганлигини, набираси Умрия билан бориб ёққанлигини, шундан сўнг, уйда телевизор кўриб ётганлигини, набираси Умрия ухлаб қолганлигини, бирдан эшик очилиб бир киши кириб уни бўғиб ура бошлаганлигини, шунда набираси уйғониб бақирганлигини, набирасини ҳам уриб тепганлигини, набираси Умрия хушидан кетганлигини, уни қўлидаги таёқ билан уриб, пул топиб беришини талаб қилганлигини, уйида пул йўқлигини айтганлигини, яна дўппослашни давом эттирганлигини, шу вақтда у Ихтиёрни тимдалаб унга тан жароҳати етказган ёки йўқлигини билмаслигини, дастлабки кўрсатмаларда уйига бостириб кирган шахсга жароҳат етказгани ҳақидаги кўрсатмаларини изоҳлай олмаслигини, дўппосланиши жараёнида у йиқилиб, ўзини ўлганга солганлигини, шунда Ихтиёр набираси ва унинг устига кўрпачаларни ёпиб, ёндиргич билан ёқиб кетганлигини, Ихтиёр хонадан чиқиб кетганлигига ишонч ҳосил қилгач, қайнопасининг уйига борганлигини, набирасини қўшнилари қутқариб қолганлигини, унинг ётоқхонасига кириб, уни ва набирасини урган киши Ихтиёр эканлигини, Ихтиёрни аниқ кўрганлигини, қаттиқ қўрққанлиги сабабли дастлаб уйига бостириб кирган шахс Ихтиёр эканлигини айтмаганлигини, чунки ўша пайтда руҳий ҳолати ҳам яхши бўлмаганлигини, касалхонада даволаниб, ўзига келиб жиноятни айнан Ихтиёр қилганлигини айтганлигини, ушбу жиноятга укалари Файзуллаев Камол ва Каримларнинг алоқаси йўқлигини, укаси Камолнинг қўлидаги тирналиш футбол ўйинида бўлганлигини, укаси Каримнинг болдиридаги тан жарохати эса ерларини ағдартираётганида тракторга тегиб тан жарохат олганлигини, агар укаси ушбу жиноятни содир қилганида укасига нисбатан чора кўришни сўраган бўлишини, унинг уйига бостириб кириб, уни ва набирасини урган Ихтиёр эканлиги ҳақида кўрсатма берган.

Файзуллаев Камол ҳам қўлидаги тирналишни футбол уйнаши вақтида йиқилиб олганини, орадан кўп йиллар ўтгани боис буни кимлар гувоҳи бўлганини айта олмаслиги ҳақида кўрсатма берган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, 83-моддасида қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозимлиги қайд этилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 28 май кунидаги ажрими билан шу суднинг 2009 йил 3 августдаги Эшмурадов Ихтиёр Қорёғдиевичга оид ҳукми бекор қилиниб, унинг ҳаракатида ЖК 164-моддаси 4-қисмининг “а” банди ва  25,97-моддаси 2-қисмининг “а,в,ж,и” бандларида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, жиноят иши ЖПК 83-моддасининг 2 ва 3-бандларига асосан тугатилиб, у айбсиз деб топилган ва оқланган.

 

Абдуманнон ШАЙДОЕВ, Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Киритилди: 19:43 29.05.2020. Ўқилди: 4069 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!