Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухорода ИШИД жангарилари сафида бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди

Бухорода ИШИД жангарилари сафида бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди

2012 йилдан 2019 йил май ойига қадар Сурияда ИШИД жангарилари сафида бўлган 28 ёшли Зебинисо Зокирова Бухорога қайтарилди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди раиси Баҳрилло Жабборов маълум қилди.

Жондор туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида Зебинисо Зокирова устидан олиб борилган суд иши ниҳоясига етди. Судланувчи 2012 йилда бухоролик Файзулла Хўжаевга турмушга чиққан ва ўша йилнинг ўзида арзигулик сабабларсиз эридан норасмий ажрашган. У ўзининг жиноий шериклари билан олдиндан тил бириктириб, виртуал оламда тақиқланган «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимида иштирок этган.

Конституцияга хилоф тарзда диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, шунингдек, давлатни бузишга даъват қилиш мазмунидаги материалларни тарқатиш, жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятларни содир этишда айбланган.

Аниқланишича, 1963 йилда Бухоро шаҳрида туғилган ва айни пайтда дом-дараксиз кетган Мухтор Зокиров ўз фарзандлари — қизи Зебинисо ва ўғли Муҳаммадни болалигидан чалғитиб келган. 2010 йилгача диний даъватлар билан ўз фарзандларини шариат талаблари асосида яшашга мажбурлаган. Ҳар бир мусулмон ва муслима жиҳод қилиши лозимлигини уқтириб, ислом дини ниқобидаги бузғунчи ғоялар гирдобига ўраб келган.

2010 йилда диний экстремистик оқимларга алоқадорлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган Мухтор Зокиров 2013 йилда озод этилгач ҳам ўзига тегишли сабоқни олмаган. Суд мажлисида сўроқ қилинган М. Зокировнинг хотини Хуршида Саидова гувоҳ сифатида эрининг белгиланган жазо муддатини ўтаб чиққани, 2015 йилда миллий ҳунармандлик уюшмаси томонидан Қозоғистонннг Олмаота шаҳрига кўргазмага қатнашиш учун кетгани ва шу билан қайтиб келмаганини билдирган.

М. Зокиров хотинидан яширин равишда 2013 йилдан бошлаб фарзандлари билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб турган. Опа-ука мунтазам равишда ижтимоий тармоқлар орқали жангариларнинг жиҳод ва ҳижратга чорловчи маърузаларини ҳамда видеороликларини томоша қилиб келган. Бундан ташқари, Сурия ва Ироқ давлатларида халқаро террористик ташкилотлар томонидан ташкил этилган ИШИД ҳамда «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқимининг виртуал жамоатига аъзо бўлган.

2013 йилда Зебинисо Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштириб, укаси Муҳаммад билан «Тошкент—Олмаота—Истанбул» авиайўналишида Туркия давлатига чиқиб кетган. У ердан Суриянинг Ракка шаҳрига ўтиб, ИШИД жангарилари сафига қўшилишган.

Баҳрилло Жабборовнинг «Дарё» мухбирига билдиришича, опа-ука бир муддат Суриядан туриб, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларни ҳам ўзларининг қопқонига тушира бошлаган. Диний даъватлар ва маърузаларни ўқиб, мусулмонларнинг кофирларни ўлдиришга ҳаққи борлиги тўғрисидаги даъватлар олиб борган. Кейинчалик Суриянинг Ракка шаҳридан қўним топган Зебинисо Зокирова Суриянинг Муайдин шаҳарчасидаги бева ва турмушга чиқмаган қизлар биносига, укаси Муҳаммад эса эркаклар биносига жойлаштирилган. Бироқ Зебинисо укаси билан алоҳида биноларда яшашни бошлаган кунидан сўнг укасини қайта учратмаган.

— Укам билан алоҳида-алоҳида бинога жойлаштиришгач, орадан ўн кунча ўтмай асли озарбайжонлик бўлган, 1978 йилда туғилган Абу Умарга шаръий турмушга чиқдим. Чунки мен у билан қарийб бир йилча ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб турганман ва уни шундан таниганман. Аммо укамни лоақал бир марта бўлсада, қайтиб учратмадим. Абу Умар ИШИДда аёллар таъминоти бўйича масъул эди, кейинчалик снайпер бўлиб ишлади.

Ўртамизда икки нафар фарзандимиз бор. Шунча вақт бирга яшасакда, бизни йўлдан адаштириб, Сурияда сарсон бўлишимизга сабабчи отамнинг дарагини беришмади. Абу Умар 2017 йилда ҳарбий юришга кетди, кўп ўтмай унинг шаҳид бўлганини айтишди. Шундан бир неча кун ўтар-ўтмас укам Муҳаммад ҳам ҳарбий тайёргарлик жараёнларидан бирида шаҳид бўлганини етказишди. Бундай кулфатларни ҳеч кимга раво кўрмайман,—деди Зебинисо сайёр судда.

Судланувчи 2015 йил март ойидан 2019 йилнинг май ойига қадар Суриянинг Ракка, Идлиб, Дайр аз-Зор, Муайдин, Хасака вилоятларида ИШИД сафида фаолият юритиб келган. 2018 йилнинг қиш фаслида Суриянинг Кишма шаҳрига қочишга эришган ва ИШИД ҳудудидан чиқиб кетиш йўлларини излаган. Яширин йўллар билан келиб, Суриянинг Хасака вилоятидаги Ал-Хол аҳоли пунктида курд ҳарбийларига мурожаат қилган.

2019 йилнинг май ойи охирига қадар мазкур лагерда яшаб келган. Шундан сўнг ўтказилган «Меҳр» махсус операцияси натижасида Ўзбекистонга келтирилган.

Унинг жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодекси 155-моддаси 1-қисми, 156-моддаси 3-қисмининг «д» банди, 159-моддаси 3-қисмининг «а,б» бандлари, 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-моддасининг 1-қисми билан таснифлаган.

Зебинисога нисбатан одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди. Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, айбига тўлиқ иқрорлиги, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, аёллиги, оғир оилавий аҳволи ва жиноятни очишда фаол ёрдам берганлигини инобатга олиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, озодликни чеклаш жазосини белгилашни лозим топди.

Киритилди: 15:27 24.09.2019. Ўқилди: 3119 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!