Бугун 22 сентябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Бутун дунёда қаҳва нархи ошмоқда, сабаби...

Бутун дунёда қаҳва нархи ошмоқда, сабаби...

Бразилияда ёздан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари ва кучли қурғоқчилик қаҳва плантацияларини яксон қилмоқда, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, Сан-Паулу штатидаги энг йирик қаҳва етиштирувчи Каконде муниципалитети фермерлари ва маҳаллий аҳолиси 600 гектарга яқин ерни яксон қилган ёнғинга қарши курашиш учун бирлашган.

«Биз 500-600 қоп қаҳва йиғиб олишни мўлжаллаган эдик, аммо тахминан ярмини терсак керак. Қолган ярми ёниб кетди», — дейди Элио Морейра де Араужу исмли фермер.

Шунингдек, мамлакатда қурғоқчилик ҳам қаҳва етиштирувчиларни қийин аҳволга солиб қўйган. Силвио Алмейданинг қаҳва плантацияси унумдор тупроқли ҳудудда жойлашган. Бироқ охирги вақтда кузатилаётган сув етишмовчилиги қаҳва дарахтларининг ўсишига тўсқинлик қиляпти. «Ҳозирги шароитни ҳисобга оладиган бўлсак, 2025 йилги ҳосилга ҳам зарар етди», — дейди Алмейда.

Қаҳва етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган Ветнамда ҳам кузатилаётган жазима ва қурғоқчилик ҳосилга таъсир кўрсатмоқда. Икки мамлакатда етказиб бериладиган қаҳва ҳажмининг камайиши бутун дунёда унинг нархи кўтарилишига олиб келади.

Қаҳва нархи охирги маротаба 1970 йилларда, Бразилиядаги плантацияларнинг 70 фоизи совуқ уриши оқибатида нобуд бўлганида рекорд даражада кўтарилган. Халқаро қаҳва ташкилоти маълумотларига кўра, охирги йилларда ҳам қаҳва нархининг ошиши кузатилмоқда. Август ойида яшил қаҳва доналарининг бир фунти 2,38 доллардан сотилган — бу ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 55 фоизга қиммат демакдир.

Нархларнинг кўтарилишига Осиёда қаҳвага бўлган талабнинг ортгани ҳам сабаб бўлмоқда. Қурғоқчилик ва ёнғинлар оқибатида Бразилиядаги арабика қаҳваси етиштириладиган майдонларнинг бешдан бир қисми нобуд бўлган.

Киритилди: Бугун 11:19. Ўқилди: 275 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!