Бундестаг (Германия Федератив Республикаси парламенти) Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун немис ҳарбийларини жойлаштириш мандатини яна 15 ойга узайтирди.
Бу ҳақда DPA агентлиги ёзмоқда.
Унга кўра, ҳозир бўлган 539 депутатнинг аниқ кўпчилиги миссияни давом эттириш учун овоз берган, 93 нафари қарши, 2 нафари бетараф қолган. Янги мандат 2026 йил 31 январгача амал қилади.
Бундесвер Ироқни, жумладан, қўшинларни тайёрлашда қўллаб-қувватлайди ва "Исломий давлат" террорчилик гуруҳининг қайта тикланишига қарши курашга ҳисса қўшиш ниятида.
Мандат миссия ходимларининг сонини 500 киши билан чеклайди. Германия ҳукумати Ироқда миссиясини 2015 йилда, ИШИД Сурия ва Ироқнинг бир қисмини эгаллаб олганидан сўнг бошлаган эди. Бундесвер Ироқ хавфсизлик кучларини, асосан юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни ИШИДга қарши курашга ўргатмоқда.