Халқаро илмий-амалий конференция: «Рақамли иқтисодиётда капитал бозорини ривожлантириш ва бошқариш: муаммолар ва замонавий ечимлар».
2024 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида «Рақамли иқтисодиётда капитал бозорини ривожлантириш ва бошқариш: муаммолар ва замонавий ечимлар» мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда капитал бозорини ривожлантиришнинг замонавий муаммолари ва имкониятлари эътибор марказига кўтарилди.
Ушбу конференция рақамли трансформация даврида, капитал бозорини ривожлантириш ва бошқаришнинг асосий илмий-амалий ҳамда услубий жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда Ҳандонг Глобал университети, Тошкент молия институти, Тошкент шаҳридаги Аджу Университети, Марказий банк, Агробанк, Люксембург бизнес мактаби, Тошкент Халқаро Вестминстер университети, Инвестиция институтлари миллий уюшмаси етакчи профессор, эксперт ва мутахассислари, шунингдек, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ходимлари иштирок этишди.
Халқаро илмий-амалий конференцияда капитал бозорини замонавий ютуқлари қайд этилди, шунингдек, рақамли трансформация шароитида капитал бозорини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Анжуманда тажриба алмашиш, асосий муаммоларни аниқлаш ва молия бозорларининг барқарор ўсишига хизмат қиладиган илмий-амалий ечимларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сонли «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида капитал бозорининг инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторларни капитал бозорига жалб этишни рағбатлантириш, чет эл инвесторлари учун маҳаллий фонд бозорида қатнашиш тартибини соддалаштириш капитал бозорини ривожлантиришнинг биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган долзарб вазифалар эканлиги қайд этилган.
Конференция давомида капитал бозорининг институционал асосларини такомиллаштириш, молиявий ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш механизми самарадорлигини ошириш, молиявий воситалардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда капитал бозорининг турли сегментларида замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш каби муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби замонавий молия бозорлари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, бу соҳада инновацион ғоялар ва тажриба алмашишни илгари сурмоқда.