Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Бу дунёнинг одами эмас эди

Бу дунёнинг одами эмас эди

Унутмас мени боғим...  

Таниқли таржимон, драматург, публицист ва шоир Машраб Бобоевни яқиндан билганлар самимий, қалами ўткир, фикри теран, тафаккури ёруғ инсон эди, дея таърифлайди. Дарвоқе, адиб ҳақиқатпараст ва эътиқоди бутун инсон бўлган. 

Машраб Бобоев адиб сифатида ўтган асрнинг 60-йилларидан матбуотда кўрина бошлаган. Унинг “Онамга хат”, “Баҳор кайфияти”, “Пахтам менинг – бахтим менинг”, “Гурунг”, “Кечки троллейбус”, “Бағишлов”, “Олисдаги чироқ”, “Сўз”, “Мен билган сир”, “Қани менинг юлдузим?”, “Номсиз юлдузлар” каби ўнлаб китоблари нашр бўлган. Шунингдек, у “Ўттиз ёшлилар”, “Ер томири”, “Тошкентдан келган меҳмон”, “Тунис президенти”, “Бизнинг ҳовли”, “Ўз уйингдасан”, “Қани менинг юлдузим?”, “Суянч тоғлари” каби бир қатор саҳна асарлари ёзиб, томошабинлар эътиборига тушган. 

Ижодкорнинг “Ирода”, “Севги нидоси” ва “Кўнгил кўчалари” деб номланган кўп қисмли видеофильмлари ҳамон мухлислар эътирофида. 

Таржимада ҳам ўзини синади, нафақат синади, балки асосий ижод йўлини таржима билан боғлади. Пушкин, Расул Ҳамзатов, Э.Межелайтис ва бошқа шоирларнинг шеърларини, В.Катаевнинг “Хаёл чечаклари” романи, Муин Бсисунинг “Ташриф қоғози”, Отар Чиладзенинг “Рангин дунё” шеърий китоблари ва йигирмадан ортиқ драматик асарни ўзбек тилига ўгирди. 

Машраб Бобоев 1995 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони биалан тақдирланган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган. 

Бугун Машраб Бобоевни ёд этиб ўғли Анвар Бобоевнинг хотираларини эътиборингизга ҳавола этаяпмиз. 

Ижодкор, ота, бобо... 

Отам ҳақида гап очилса, кўпчилик Машраб Бобоевни яхши билишини айтади. Лекин у кишининг ота, бобо сифатида қандай инсон бўлганидан камдан-кам одам хабардор. 

Шундай эса-да, ижодкор ҳақидаги хотираларни барибир ижодкор мақомидан бошламоқ керак. Ижодкор Машраб Бобоевни тасвирлаш осон. 

Шинаванда, оқкўнгил, кечиримли инсон

Лекин ҳамма ҳам 1986 йили оиламиз Пушкин-Салордаги уйга кўчиб келганида отам айтган гапни эслолмайди. 180 хонадондан ўттизтаси Ёзувчилар уюшмасига берилган эди. Отам “ёзувчи эмас, қўшни бўлайлик” деганида, кўпчилик тилда қўллаб-қувватлаган, амалда эса тескарисини қилган эди. 

“Мен фақат гонорар ҳисобига кун кечиришим мумкин”, “Фақат таксида юришга ҳам қурбим етади” деган гапларни фарзандларидан бошқалар ҳам эшитган бўлиши керак. Лекин арзон ижод унга зид эди. Отамнинг “Русча ёзибди” деган гапларини кўп эшитганман. Узоқ вақт қандай қилиб ўзбек тилида русча ёзиш мумкинлигини тушунмай юрдим, кейинроқ билсам, осон экан. 

“Пулни кўз олдига келтириб ижод қилиш мумкин эмас!”

Машраб Бобоев сўзнинг ўзи ва сўз усталарига ниҳоят даражада катта ҳурмат ва ҳайиқиш билан қарар эди. Миртемир домлани устоз сифатида чексиз ҳурмат қилиши “Сурат” достонидан чинакам ҳайратланиш, унинг ҳар сатрини ёддан билиш билан чекланмасди. Миртемир домла ҳаётни тарк этган куни ҳали ҳаёт нималардан иборат эканини тўлиқ илғаб улгурмаган гўдак ўғли тиззасини қучиб йиғлагани ҳам бу ҳурматнинг олий белгиси эмас. Узоқ йиллардан кейин шоир Отаёрнинг Миртемир отлиқ ўғли ўзига ҳайдовчи сифатида хизмат қилган пайтлари уни “домла” дея атагани ҳақиқий эҳтиром белгиси бўлди. 

Машраб Бобоевни кўпчилик, одоб билан айтганда, шинаванда инсон сифатида ёдга олади. Аслида у киши ниҳоят даражада тақводор бўлган. Кўпчилик бирга шинавандалик қилган, лекин тақво бобида камчилик тенглашган. Унинг имони шу қадар кучли эдики, русча айтганда, юқумлилик хислати ҳам бор эди. 

Бир ибратли воқеа. Илгари Ўзбекистонга бошқа “қардош ўлкалар” қатори Гуржистондан ҳам кўп адиб келарди. Симпозиум, семинар ва ҳоказо... Айрим гуржи адиблар бизникида меҳмон бўлишарди. Бир сафар улардан бири ўзбекларнинг омин қилишига ҳайрон бўлган. Отам айтганки, “бу – Яратганга шукрона, эсон-омон шу кунларга етказгани, шу ризқни насиб этгани учун Парвардигорга шукр айтиш, холос”. Орадан бир-икки кун ўтиб, Самарқандда адабий кеча бўлган, унинг якунида яхшигина зиёфат уюштирилган. Отам қандайдир сабаб билан гуржи меҳмон билан ёнма-ён ўтира олмаган, фақат, ҳар эҳтимолга қарши, уни узоқдан кузатиб турган. Алҳисса шуки, зиёфат якунига етганида гуржистонлик меҳмон дастурхонга омин қилган экан. 

Ҳа, Худо битта! Лекин буни қайси мусулмон қайси насронийга тушунтира олади, қалбига сингдира олади?! 

Машраб Бобоевнинг “дори” таъсирида ижод қилиши ҳақидаги тасаввурларни ҳам гувоҳ сифатида бутунлай инкор эта оламан. Отам ичганида қўлига қалам олмас эди. Бунга кимдир ишонмайдиган бўлса, унинг таржимасидаги “Хаёл чечаклари” (Валентин Катаев) романини ўқисин. Бу романда Иван Бунин бевосита машинкада эмас, қаламда ёзишни тавсия қилади. Қалам билан уни ушлаган қўл уйғунлиги ҳар бир ҳарфий хатода, сўзга хиёнатда бузилиши ҳақида гапиради. Отам китобнинг “контроль” вариантида бу гапларнинг тагига чизиб қўйган. 

Истиқлол. Отам Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин (“Кўнгил кўчалари” видеофильмини ҳисобга олмаганда) ижодий ишни тўхтатиб қўйди. Мен сўраганим йўқ. Биз, фарзандлар умуман ҳеч нарса ҳақида сўрамас эдик. Бир куни у кишининг ўзи айтиб қолди: “Мен фақат шўро тузумига, мустамлакага қарши курашганман. Бугун курашга зарурат қолмади...” 

Кейин шўро замонида озодлик, ҳуррият ҳақида шеър чоп этиш ҳақидаги баҳслардан гап кетди. Ўшанда кимдир бу мавзуда шеър чоп этиш у ёқда турсин, ёзиш ҳам мумкин эмаслигини гапирипти. Ўртада баҳс боғланипти. Орадан бир неча кун ўтгач, фаластинлик шоир Муин Бсисунинг шеъри газетада босилипти. Ҳа, Муин Бсису ижодида ундай шеър йўқ, бу Машраб Бобоевнинг Фаластин шоири номидан чоп эттирган озодлик ҳақидаги шеъри эди... 

Машраб Бобоевни “шинаванда инсон” деб билганларнинг яна бир хатоси унинг оилавий ҳаётини яхши билмаганидир. Отам ҳар якшанба ғусл қилиб, бобомиздан мерос қолган Қуръонни ўқирди. 

Ҳали-ҳануз отамни эслаган киши фақат “шинавандалик” ҳақида гапирса, дилга ботади. Отам буюк инсонлар ҳақида сўз кетганда “у бу дунёнинг одами эмас” деган жумлани кўп такрорларди. Энди биляпманки, отам ҳам бу дунёнинг одами эмасди. Ниҳоят даражада тақводор, ўлими олдидан “миссиям тугади” деб бемалол айта олган, Тоғай Муроднинг “мени дўстларим енгди!” сўзларини такрорлаган одам эди у киши. 

Биз отамизни асраш учун унинг ўзига ва кўп дўстларига ёмон кўринган пайтларимиз ҳам бўлган. 

Акалик. Отамнинг биргина укаси бор эди. Бир куни “укам мени деб қишлоқда, ота-онамнинг олдида қолиб кетди, у яхшигина рассом эди...” деб ўкинди отам. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида Тошкентга чиқиб кетган одам умрининг охирига қадар укаси учун хижолат бўлиб яшади. Умрининг охирги йилларида амакимни сизлаб қолгани эҳтимол шундандир... 

Оталик. Биз уйда бирга нонушта қилар ва кечки овқатни бирга ердик. Фотиҳа бўлмагунча биз, болалардан бирортамиз тура олмасдик. Кенжа ва табиийки эркароқ ўғил-қиздан ташқари ҳаммамиз жим ўтирар эдик. Баъзида бунинг учун дакки ҳам эшитардик: “менинг олдимда гуноҳкорларга ўхшаб ўтирманглар!” Лекин на чора, шунга ўрганган эдик. 

“Болани она тарбия қилиши керак!”

Отам бу гапни кўп гапирган. Ҳатто “Кўнгил қўчалари”га ҳам сингдирган. Мен кейинчалик кўп ўйладим ва бу ақидага ишонч ҳосил қилдим. Лекин энг тепадаги тарбиячи аслида ота, у онани тарбия қилиш орқали фарзандларни тарбия қилади, деган яширин хулосага ҳам келдим. 

Эсимда, “китоб ўқи” деган гаплардан зада эдим. Тўртинчи синфдаман. Китоб ўқиш ҳақидаги гапларни ерда қолдирганим учун “учинчи шахс”га айланиб қолганман. “Келганми”, “нимани ўқибди”, “ҳалиям ўқимабдими?”. 

Қайсидир театрга томошага бордик. Томошадан кейин фойедаги болалар китоблари сотилаётган жойга ўтдик. Мўғул халқ эртаклари ва яна бир нечта китоб сотиб олдик. Ўзим танладим. Кечирилдим. 

Кенжа укамиз то уйлангунга қадар ҳатто овқат пайти ҳам “Самак айёр” деган китобни ўз олдига қўйиб олар эди. Бу энди нимадир ўқиш кераклигидан... 

Вақтни бекор ўтказмаслик ҳақида ҳам кўп эшитганмиз. Бир маҳаллар болалар хоналари эшигида “кун тартиби” ёзилган варақ ҳам пайдо бўлиб қолган эди. 

“Болани она тарбия қилиши керак!” деганлари шу бўлса керак-да. 

Бошқа бир жиҳат ҳам бор эди. Эрталаблари бизни баъзан отам уйғотарди. У киши одатда елкамизни секин туртиб қўярди. Қизиғи шуки, ҳар доим қўл елкамизга тегмасдан олдин уйғонардик, фақат “одоб юзасидан” оҳиста турткини кутиб турардик, холос. Кейин дик этиб турардик. 

Боболик. Биринчи набира дунёга келганида уйдаги ҳамма ғалати ҳолатни кузатган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – Амир Темур хиёбонида, набира – Чилонзорнинг энг чекка даҳасида. Отам тушлик пайти, ҳар қанча қиммат бўлмасин, Агентлик олдидан таксига миниб, ўша олис жойга борар, Санжарни ярим соат ўйнатиб, тушлик қилмасдан, ишга қайтар эди. Биринчи набира уйимизда турган пайтлари азонлаб бобо-набира ҳовлига айланишга чиқиб кетишарди. 

“Биз йиғлашни билмаймиз!” 

Сўзни ҳис этаяпсизми?! Ҳақиқий йиғи жуда оғир бўлади. Шу боис набира йиғлаганда бобо чинакамига ҳайрон бўларди. “Ие, бола ҳам йиғлайдими! Эшон бобо, биз йиғлашни билмаймиз!” Бола бу сўзларнинг моҳиятини англагандек бирдан тинарди. 

Кейин набиралар кўпайди. Улардан бирортаси ҳам гўзал анъана туфайли исми билан аталмади. Ўғиллар – Эшон бобо, қизлар – Эшон ойи бўлди. 

Машраб Бобоев сўнгги манзил олдидан уйда нафассиз, ҳаракатсиз ётар экан, набиралар сира ҳайиқмасдан унинг тепасида ўз ўйинлари билан банд бўлгани сира эсдан чиқмайди. Уларга ҳеч ким бошқа хонага чиқишни ҳам, жим ўтиришни ҳам буюрмади. Бу одобсизлик эмас, Бобони охиратга шод руҳ билан кузатишга ўхшади.

Киритилди: 05:45 19.02.2020. Ўқилди: 4924 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!