Британия бугун Украинага 1 000 дан ортиқ металл детектори ва 100 та бомбаларни йўқ қилиш тўплами совға қилганини маълум қилди.
Бу жиҳозлар Россия агрессиясини қайтаришда Украинага кўрсатилаётган навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетининг бир қисмидир, деб ёзади Reuters.
"Россиянинг миналардан фойдаланиши ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлари Путин босқинининг даҳшатли шафқатсизлигини кўрсатади. Буюк Британиянинг ушбу йилнинг сўнгги қўллаб-қувватлаш пакети Украинага ўзининг қонуний ҳудудларини қайтариб олишда ер ва биноларни хавфсиз тозалашга ёрдам беради", — деди Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес ўз баёнотида.
Германиянинг Vallon компанияси томонидан ишлаб чиқарилган металл детекторлари портловчи мосламаларни аниқлашда ёрдам беради, минадан тозалаш тўпламлари эса портламаган бомба ёки снарядлардаги детонаторларни зарарсизлантириши мумкин, дея хабар беради Британия Мудофаа вазирлиги.
Миналанган ҳудудлар ва бинолар, шунингдек, портламаган ўқ-дорилар тинч аҳоли учун хавф туғдиради. БМТ маълумотларига кўра, Украинада ҳалок бўлган тинч аҳолининг аксарияти портлашлар қурбони бўлган.
Бен Уоллес янги йил арафасида Британия келаси йили Украинага ҳарбий ёрдам учун 2,3 миллиард фунт стерлинг (тахминан 2,8 миллиард доллар) ажратишини эълон қилди, бу ўтган йилги Британия ҳарбий ёрдами ҳажмига тўғри келади.