Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги тартибсиз муҳожирларни ушлаб туриш учун жой йўқлиги сабабли уларга GPS браслетларини беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда The Times хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, айни дамда Буюк Британияда 175 мингдан ортиқ одам бошпана бериш тўғрисидаги қарорни кутмоқда. Кўриб чиқиш муддати учун улар махсус марказларга жойлаштирилади. Бироқ иммиграция маркази фақат 2500 кишини сиғдира олади.
Расмийлардан ноқонуний равишда келган, лекин ҳибсга олинмайдиган минглаб муҳожирлар қочиб кетмаслигини таъминлашнинг муқобил йўлларини топиш сўралган.
Британия ҳукумати томонидан кўриб чиқилган устувор вариант барча ноқонуний иммигрантларни электрон браслетлар билан таъминлашдир.
Британия ҳукумати 2025-йил мартигача 25 минг муҳожирга электрон браслет тақдим этишга умид қилмоқда.