Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бойсунда Президент топшириғи нега бажарилмади?

Бойсунда Президент топшириғи нега бажарилмади?

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарнинг бу Бош вазир ёки унинг ўринбосари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак . Президентимиз Шавкат Мирзиёев роппа-роса икки йил аввал бу фикрни илгари суриб, барчани фаолликка ундаб, мутасадди раҳбарларни ҳар бир вазифани сидқидилдан, фидойилик асосида бажаришга даъват этган эди. Жамиятни ислоҳ қилиш, модернизация ва тубдан янгилаш жараёни фавқулодда жадаллик билан амалга оширилаётган бир пайтда ана шундай ёндашувгина кўзланган мақсад сари кенг йўл очади. Аксинча, масъулиятсизлик, лоқайдлик, ўзибўларчилик кайфияти эзгу интилиш ва мақсадлар рўёбини саробга айлантиради. Жамият ривожига салбий таъсир этувчи бундай иллатларни халққа, келажакка хиёнат, деб баҳолаш мумкин.

Келинг, яхшиси гапнинг индаллосига ўтайлик. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир муҳим вазифалар белгиланганди. Жумладан, Қизириқ туманида ўтказилган кенгайтирилган мажлис баённомасига кўра, 2019 йилда якунланиши режалаштирилган Бойсун туманидаги сиғими 6,1 миллион куб бўлган Ҳангаронсой сел сув омбори қурилишини 2018 йилда якунлаш бўйича Сув хўжалиги, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, шунингдек, Давархитектқурилиш қўмитасига аниқ вазифалар қўйилганди. Афсуски, 2018 йил якунига етган бўлсада, Президентнинг бу топшириғи бажарилмай қолди. Нега?!

Гап шундаки, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Ҳангаронсой сел сув омборининг 2-босқичи қурилиши Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида 13-сонли қурилаётган корхоналарнинг бирлашган дирекцияси Шерободдавсувмахсуспудрат давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 39 миллиард сўмни ташкил этадиган иншоот қурилишига ўтган йилнинг август ойидан то йил якунига қадар 11 миллиард сўм маблағ ажратилди, холос.

Лойиҳага кўра, қурилаётган сув омборидаги тўғон баландлиги 41, эни 170 метрни, узунлиги эса 475 метрни ташкил этади. Иншоот қуриб битказилгач, 1000 гектар ер ўзлаштирилиши баробарида қуйи қисмда жойлашган аҳоли яшаш пунктларини сел ва тошқин сувларидан ҳимоялаш имконияти яратилади. Шуни ҳам айтиш керакки, сув омборига яқин ҳудудда қиймати 5 миллиард доллар бўлган Мустақилликнинг 25 йиллиги газ-кимё мажмуаси барпо этилмоқда. Ушбу муҳим стратегик иншоотда қазиб олининажак газ ўрнини сув билан тўлдириш учун ҳам мазкур сув омборидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда

Қурилиш ишларининг бориши ва иш суръати асосан молиявий таъминот билан боғлиқ, албатта. Сув хўжалиги вазирлиги иншоот қурилишига жиддий эътибор қаратганида белгиланган юмушлар аллақачон якунланган бўларди. Бунинг учун ишчи кучи ҳам, техникалар ҳам етарли. Жумладан, иншоот қурилишига 40 яқин техника, 70 нафардан зиёд ишчи-ходимлар сафарбар этилган. Бироқ, жорий йил январь ойининг биринчи ўн кунлиги ҳам молиялаштириш ишларини кутиш билан ўтди. Демакки, маблағ бўлмагач, на ишчига дармон, на техникага жон киради.

Ўзининг кимлигини ошкор қилишни истамаган механизаторнинг айтишича, ойлик маошлар 500-600 минг сўмни ташкил этади. Бажарган иш ҳажмига қараб, 1 миллион сўм маош оладиганлар ҳам бор. Баъзан, ойлик маошнинг кечикиши туфайли шикоят қилувчилар ҳам топилади. Суҳбатдошимизнинг айтишича, яқинда сариосиёлик шикоятчи ишчилардан икки нафарига катта кўча қўрсатилибди

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: Ҳангаронсой сув омбори Сув хўжалиги вазирлигига керакми ёки фақат бойсунликларгами?! Президент топшириғини ўз вақтида бажариш учун маблағ етишмадими ёки хоҳиш? Қурилиш ишларидаги оқсоқликлар учун ким жавобгар? Умуман, ишни пайсалга солиш билан ким кимни алдаяпти? Бу каби саволларга мутасаддилардан жавоблар кутиб қоламиз.

Яна бир гап. Работ-Кофрун қишлоқларини боғловчи 4Р-104 автомобиль йўлининг 52-55 км қисми қурилаётган сув омбори остида қолиб кетганлиги туфайли иншоот лойиҳа-сметасига биноан транспорт ҳаракати учун айланма йўл қурилиши назарда тутилганди. Узунлиги 4,5 кмни ташкил этувчи ушбу айланма йўлда шағал ётқизилган бўлсада, асфалтбетон ишлари ҳали ҳануз бошлангани йўқ. Бир неча йилдан буён қишда лой, ёзда чанг бу йўллардан ўтиб қайтаётган қишлоқ одамларининг сабрига мутасаддилар таҳсин ўқиётган бўлишса ажабмас. Агар уловнинг тили бўлса, дод солгувчи бу йўллар одамларнинг яна қанча бардошини синаркан, кўрамиз?

Manba: 7news.uz

Киритилди: 11:02 18.01.2019. Ўқилди: 2181 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!