Бугун 11 март, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

"Борма, куясан": Эрон Ормуз бўғозини миналаштирмоқда

"Борма, куясан": Эрон Ормуз бўғозини миналаштирмоқда

Эрон Ормуз бўғозига миналар ўрнатаётгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда америкалик ОАВ разведка маълумотларига таяниб хабар қилди. CBS ва CNN маълумотларига кўра, Теҳрон бир неча ўнлаб миналарни жойлаштирган ва яна юзлаб миналар ўрнатиши мумкин.

Аввалроқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бўғоз орқали ўтадиган ҳар қандай кемаларга ҳужум қилиши мумкинлигини огоҳлантирган эди. Уруш бошланганидан бери бу ердаги ҳаракат деярли тўхтаб қолган. Нефть ва газ етказиб беришдаги узилишлар сабаб жаҳон бозорларида нархлар кўтарила бошлади.

Трамп нима деди

Бу вазиятга АҚШ президенти Дональд Трамп муносабат билдирди. У Эрондан миналарни дарҳол олиб ташлашни талаб қилди ва жиддий оқибатлар бўлиши мумкинлигини айтди.

«Агар Эрон Ормуз бўғозига қандайдир миналар ўрнатган бўлса, биз уларни дарҳол зарарсизлантиришни талаб қиламиз! Агар қандайдир сабаб билан миналар ўрнатилган бўлса ва улар дарҳол зарарсизлантирилмаса, Эрон учун ҳарбий оқибатлар мисли кўрилмаган даражада бўлади. Агар улар ўрнатилган бўлиши мумкин бўлган миналарни зарарсизлантирса, бу тўғри йўналишдаги катта қадам бўлади», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Ормуз бўғозининг аҳамияти

Ормуз бўғози жаҳон энергетикаси учун энг муҳим йўллардан бири ҳисобланади. Ҳар куни у орқали тахминан 20 миллион баррел нефть ташилади — бу денгиз орқали етказиб бериладиган нефтьнинг қарийб чорак қисми демакдир. Шунингдек, дунёдаги суюлтирилган газнинг 35 фоизи ва Форс кўрфази давлатларининг деярли барча экспорти ҳам шу ердан ўтади.

CNN маълумотига кўра, Форс кўрфазида кунига тахминан 15 миллион баррел нефть ва 4,5 миллион баррел нефть маҳсулотлари блокланиб қолган. Айни пайтда Ироқ ва Қувайт каби ишлаб чиқарувчи давлатларда экспорт учун муқобил йўллар деярли йўқ.

Томонларнинг йўқотишлари

Шу билан бирга, 11 кун давом этган ракетавий ҳужумлар натижасида Исроилда 12 киши ҳалок бўлган, яна 200 га яқин одам жароҳат олган, деб хабар қилди ТАСС ҳарбий манбага таяниб.

Reuters маълумотига кўра, можаро давомида 150 нафар америкалик ҳарбий ҳам жароҳат олган.

Эрон эса 1300 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини ва минглаб бинолар вайрон бўлганини маълум қилди. Шунингдек, Теҳрон Исроилни Байрутдаги меҳмонхонага қилинган ҳужум натижасида тўрт нафар эронлик дипломатни ўлдиришда айблади.

Киритилди: Бугун 09:35. Ўқилди: 528 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!