“Борига барака” шоуси бошловчиси берган саволдан мантиқ қидирдим. Афсус, тополмадим. Ҳар шанба “Зўр ТВ”да эфирга узатиладиган шоу тезда машҳур бўлиб кетди. Қисқа муддатда ўз томошабинини топди. Клик тизими орқали ҳар ҳафта 5000 сўм ташлаб, “Зўр ТВ”дагиларнинг қачон қўнғироқ қилишини минглаб ўзбекистонликлар пойлаб ўтирибди. Омма қизиқмоқда. Омадини кутиб ётганлар кўп эканда, дейман кўрсатувни кўриб. Атайлаб Бухородан ташриф буюрган опа ҳаяжонланиб гапирди. Шоунинг икки сонида кетма-кет келган “полвон” йигит фол очиб ўтирибди. Кўрсатувнинг тижорий- кўнгилочар типда эканлигини яхши биламиз. Аммо, биз эътибор берган жиҳат мутлақо бошқа.
Ўтган шанбада эфир юзини кўрган кўрсатувда, Бухоро вилояти Вобкент туманидан Соҳибжон исмли йигит иштирок эди. Бошловчининг ўзини тутиши, иштирокчилар билан яқин мулоқот ўрната олиши ижобийдек туюлдию, аммо баъзи саволларимга жавоб тополмадим. Мисол учун, бошловчи “оилада 3 та фарзанд экансизлар 4 та тугмачани босинг?” деди. Бунда ҳеч қандай мантиқ кўринмади. Фарзандлар билан ўйиндаги тугмачаларнинг қандай боғлиқлиги бор, тўғриси тушунмадим.
Ўйинга ўзгача руҳ олиб киришни истаган бошловчи йигитга “Яхши кўрган қизингиз борми?” деган саволни қўйди. Оддий, жайдари ва уятчан йигит бундай саволга “ҳа” деб жавоб бердию, аммо, миллий менталитет, ўзбекчилик нуқтаи назаридан йигитни уялтириш шартми? Бошловчи йигитга яхши кўрган қизига салом йўллаш имкониятини берди. Ҳали уйланмаган, ота-онасидан уялиб турган Соҳибжон қизга эмас, қишлоқдошларига салом йўллади. “Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Араблар қишлоғидаги одамларга салом айтаман. Рост экан. Ўйнанглар…” деди. Бошловчи салом айтинг деб, аввал йигитнинг қўлини кўтарди. Сўнг, йигитнинг қўлини унинг кўксига олиб борди… Тушунганим, унинг соддадиллиги устидан кулди. Энг ачинарлиси, кейин бошланди. Даллоллардан бири чиқиб, “Сирдарё.. қишлоғимдагиларга, маҳалладагиларга салом.. Омадим келиб Зўр ТВга келдим” деб, “Нега салом йўлладингиз? Нима бу сизга “Меҳр кўзда” кўрсатувими? Ҳамма келганлар салом йўллайверадику энди” деган эътирозни билдирди.
Бошловчи имкон берди. Салом йўлласа йўллабди. Кулишниям чегараси бор. Миллий этика қаерда қолди? “Яхши кўрган қизингиз борлигини айтдингиз. Нега исмини айтмадингиз?” дея йигитни қайта-қайта мулзам қилиш керакми? Яна битта саволга эътибор беринг: “Иккита шашлик ея оласизми? Сихини қолдириб)))”. Бу нима дегани? Тўғриси, бошловчи ҳам, даллол ҳам ҳаддини билгани маъқул эмасми? Кўрсатувда иштирокчи томонидан келган қариндошлари ўйнасин бирозгина қўполроқ гапирди. Бироқ, унинг қўполлиги бошловчи ёки даллолга тегмади. Бухородан келган содда йигит устидан миллий одоб-ахлоқ меъёрларини унутиб, бўлар-бўлмас саволларни бериб, устидан кулиш бошловчига ҳам, даллолга ҳам ярашмади. Кўрсатувда баъзи иштирокчиларнинг у совғани бер, бу совғани бер деб ялинганига эса тоқат қилиб бўлмайди. Сихини қолдириб 2 та шашлик ея оламизми, йўқми, энди шу ҳақда ўйлаймиз. Нима дедингиз?
Manba: mazmun.uz