Куни кеча исми-шарифи маълум қилинмаётган аёл суддан чақириқ қоғозини олди. Қоғозда унинг оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши ва 14 йил олдин туққан фарзанди учун алимент ундириш масаласи кўриб чиқилиши таъкидланганди. Шу нарса аёлни даҳшатга солиб қўйди. Негаки, ҳақиқатан 14 йил бурун туғруқхонада ўғил фарзандни дунёга келтирган. Аммо чақалоқ касалманд туғилган. Шу сабабли аёл касалманд боладан расман воз кечган. Шу ҳақда тилхат ҳам ёзиб берган. Лекин орадан маълум вақт ўтгач, у фикрини ўзгартирди. Нима бўлса ҳам боласини олиб кетишга аҳд қилди. Ана шунда санитаркалардан бири унга яқинлашиб келди-да, чақалоқ оламдан ўтганини маълум қилди. Санитарканинг гапига қараганда, чақалоқ касалманд бўлгани боис у сунъий ҳаёт бахш этиб турувчи ускунага уланганди. Онаси боладан воз кечиши билан врачлар ускунани ўчириб қўйишган ва бола оламдан ўтган...
Мана, орадан 14 йил вақт ўтди-ю, шу аёл аслида боласи ҳаёт эканини суд ҳайъатидан эшитди. Судья эса ундан ўша 14 йил учун болага алимент ундирилиши, аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақида ҳукм эълон қилди.
Суриштирувлар натижасида яна шу нарса аниқландики, аёлнинг гўё оламдан ўтган ўғлини ҳали у, ҳали бу болалар уйига кўчиришган. Етимчагина бола етимликнинг барча баланд-паст, қинғир-қийшиқ сўқмоқларида кезиб чарчаган ва ҳозир ҳам бу азоблардан мосуво эмас.
Бироқ мутасаддилар боланинг онасига ўғли тириклиги ҳақида ҳеч қачон хабар қилишмаган.
Хуллас, суд ҳукмидан кейин аёл адвокат ёллабди. Энди у олдин оналик ҳуқуқини қайта тиклашга, кейин эса фарзандини қайтариб олишга ҳаракат қилиб кўраркан. Фақат... Бунинг учун имкониятлари жуда-жуда чекланган-да!..
Mash